Ромитан тумани Шўрча маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган Ҳ.Н. спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, кеч соат 22:00 ларда акасиникига боради. Акаси уйида маст ётган экан. Уни кўрган янгаси К.Д. “Яна бир алкаш келди” деб камситгандай муомила қилади. Ҳ.Н. маст эмасми, жаҳли чиқиб, жанжаллашади. Сўнгра қаэрдандир ошхона пичоғи қўлига тушади. Пичоқни олиб янгасининг чап кўкрак қисмига икки маротаба, ўнг кўкрак қисмига бир маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказади. Ҳозирда жабрланувчи туман марказий шифохонасига ётқизилиб, тиббий муолажалар қилинмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Ҳ.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яқинда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Э.Сафаров, бошқарма бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, подполковник Ж.Болтаевлар, туман ҳокими ва бошқа мутасаддилар, вилоят ҳамда тумандаги тааллуқли идораларининг масъул раҳбарлари, жиноят содир бўлган Шўрча маҳалласи мутасаддилари, ҳудудий профилактика инспектори, маҳалла ҳудудидаги қишлоқ ва кўча вакиллари, фаоллар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилди. Сўнгра маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирлар жойига чиқиб таҳлил қилинди ва жиноят муҳокамаси ўтказилди.
Жиноятни муҳокама қилиш жараёнида маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботлари тингланиб, масъуллар мазкур жиноят сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар юзасидан тушунтиришлар беришди. Шунингдек, маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими мутасаддилари ва ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларни ҳам танқидий муҳокама қилинди.
Мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини ва унинг оқибатларини туманнинг қолган маҳаллаларида, қолаверса вилоятнинг барча ҳудудлари ва меҳнат жамоаларида таъсирчан муҳокама қилиб, келгусида бу каби оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида, ҳудудларда “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Шуҳрат ЖАЛОЛОВ,
подполковник.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
