Эккан помидорларимиз ҳар йили ҳосили пишар-пишмай қуриб, қовжираб қоларди.
Кўклам барг ёзар -ёзмай ҳовлимиздаги катта садақайрағочга куя тушиб, бўй чўзмай, соя-салқин бермай қўярди.
Қовунга қурт тушиши эса деҳқонлар меҳнатининг кушандаси эди.
Ҳатто, аччиқ бўлса-да, саримсоқ пиёзларга ҳам қурт тушарди.
Аммо бу йил аксинча,полиздаги помидорларимиз одам бўйи бўлиб ўсиб, катта-катта, қип-қизил бўлиб пишди.Онам билан банкалар, тузламалар ёпдик. Ҳаммаси ҳовлимиздан чиқди.Бултур эса каттагина томорқамиз бўла туриб, помидорни бозордан сотиб олгандик.
Садақайрағоч шу қадар бўй чўзиб, яйраб-яшнаб барг ёздики, соясига қуёшнинг тангадек нури ҳам тушмайди. Унинг салқинидан ором олиб, ҳовлида мазза қилиб ўтирамиз. Қурт-пурт, куя-пуя йўқ бу йил.
Қовунларнинг хил-хил навлари пишди. Уларни одамлар қурти борми, йўқми, деган хавотирга бормай, бемалол тановул қилишаётир.
...Бобом кўпни кўрган, оби ҳавонинг фойда-зиёнларидан хабари бор.
— Қизим кўрдингми, баъзида аччиқ, баъзида ширин керак бўлганидек, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бирдай зарур. Қишдаги қаҳратон туфайли бу йил зараркунанда ҳашаротлар деярли йўқ. Шунинг учун ҳам экинлар эмин-эркин ўсиб, мўл ҳосил бермоқда, - дейди бобожоним.
Кўм-кўк барглар орасидаги қип-қизил помидорлардан бирини узар эканман, беиҳтиёр тилимга қуйидаги гап келди:
- Раҳмат сенга, аномал совуқ. Сурайё ЎРИНБОЕВА,
Сардоба тумани.
