Сафдор Баҳром Бешимов 1989 йили Бухоро вилояти Олот туманида таваллуд топган. У болалигида ўзи парваришлаган “Терра” лақабли итига жуда меҳр қўйганди. Қаҳрамонимиз ички ишлар органида фаолиятини бошлагунга қадар қизиққани учун бу вафодор жониворларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиб улгурди.
Ана шу қизиқиш ва меҳр туфайли, мана, қарийб 11 йилдан буён кинология соҳасида самарали хизмат қилиб келмоқда. У Навоий вилояти ИИБ ППХ ва ЖЦБ Кхфмбдаги фаолияти давомида кўплаб қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйди. Шунингдек, хизмат итлари парвариши ҳамда улар билан машғулотлар ўтиш бўйича қўлланма муаллифи ҳамдир. Бундан ташқари, ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўғрилган тарғибот тадбирларида ҳам ўзига бириктирилган хизмат итлари билан фаол иштирок этади.
У яқинда “Самарқанд” мунтазам ЙПХ масканида хизмат ўтаётиб “Самарқанд – Навоий” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган автобусни белгиланган тартибда текширишда иштирок этди. Шунда йўловчилардан бирининг безовталаниши унда шубҳа уйғотди. “Линда” лақабли ўзига бириктирилган хизмат ити ҳам худди кинологнинг шубҳаларини тасдиқлагандек асли самарқандлик, ҳозирда Учқудуқ туманида яшовчи 63 ёшли Х.А. исмли йўловчига қараб тинимсиз ҳура бошлади. Сўнг йўловчининг қўл юкларига “ишора қилгандек” бўлди. Ақлли, сезгир жониворнинг безовталаниши беҳуда эмас экан. Х.А.нинг сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг ичидан 52 дона гугурт қутисига жойланган ўткир ҳидли, яшил ўцимон модда борлиги аниқланди. Мазкур қутилар Кармана тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинди. Экспертиза текширувлари чоғида уларнинг наша гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
