Уч авлод учрашуви
Хоразм вилояти Иибда мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Унга ички ишлар органлари фахрийлари, ёш ходимлар ҳамда ИИВ Хоразм академик лицейи ўқувчилари таклиф этилди. Тадбирни вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, полковник Абдувоҳид Имяминов очиб, устоз-шогирд анъанаси, фахрийларнинг ибратли ҳаёти ва хизмат фаолияти ёш ходимлар учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашувда вилоят ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Рустам Раҳимов, вилоят ИИБ Фахийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Аминбой Тожиев, фахрийлардан истеъфодаги подполковниклар Баҳодир Раҳимов, Мадамин Очилов, Шавкат Отажоновлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларни ватанга муҳаббат, касбга садоқат руҳида тарбиялаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётгани, бу хайрли ишларда кекса авлод вакилларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигига алоҳида тўхталиб ўтишди.
– Фахрийларимизнинг ҳаёт йўли, эришган ютуқлари, хайрли амаллари ёшларимиз учун ибратлидир, – дейди вилоят ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Рустам Раҳимов. – Шу боис, бундай маънавий-маърифий тадбирлар келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириб, Янги Ўзбекистоннинг чинакам ворислари қилиб тарбиялайди.
Тадбирда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашишдаги фидойи хизмати ҳамда жамиятимизни юксалтиришдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига ташаккурнома ва байрам совғалари топширилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
