Урганч шаҳрида «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шиори остида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Унга давлат мукофоти соҳиблари, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, устоз-мураббийлар таклиф этилди.

Тадбир иштирокчилари вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, ўқув муассасалари, маърифат масканларида бўлиб, ёшларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Айниқса, бир вақтнинг ўзида 100 нафар китобхонни ўз бағрига сиғдира оладиган ҳамда 100 мингдан ортиқ китоб фондига эга бўлган янги ахборот-кутубхона маркази меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Мазкур маънавият масканида Ўзбекистон қаҳрамони Анора Маҳмудова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, истеъдодли шоира Гавҳар Ибодуллаева, «Меҳнат шуҳрати» ҳамда «Дўстлик» орденлари соҳиби Жумабой Ўтамов, Халқ таълими аълочиси Қадамбой Рамазоновлар билан бўлиб ўтган учрашувлар ёшларимиз онгида она Ватан, истиқлол, китобхонликнинг маънавий камолоти бўйича тушунчаларни янада бойитди.

«Уч авлод учрашуви» доирасидаги самимий мулоқотлар Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Урганч давлат университети, Урганч шаҳар «Ёшлар маркази» ҳамда «Қатағон қурбонлари хотираси» музейида ҳам қизғин давом этди. Унда Ўзбекистон қаҳрамонлари Равшанбек Қурбонов, Ислом Бобожонов, академик Азимбой Саъдуллаев, таниқли олимлар Бахтиёр Дўстчонов, Ибодулла Абдуллаев, «Эл-юрт ҳурмати ордени» соҳиби Эгамберган Рўзметов, ички ишлар органлари фахрийлари, истеъфодаги полковник Шавкат Ибрагимов, истеъфодаги подполковниклар Баҳодир Раҳимов, Мадамин Очилов, Шарифбой Юсупов, меҳнат фахрийлари Ўктам Раҳмонов, Амин Вафоев, Кенжабой Ортиқов ҳамда Сулаймон Юсуповлар иштирок этиб, ёшларни юртга муҳаббат, касбга садоқат руҳида тарбиялаш мамлакатимиз равнақи йўлида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди.

– Бу каби тадбирлар ёшлар тарбияси, уларнинг комил инсон бўлиб вояга етишишида айни муддаодир, – дейди истеъфодаги полковник Шавкат Ибрагимов. – Чунки нуроний отахону онахонларимиз онгу шуурида дуру гавҳардан-да қимматли саналган ибратли насиҳатлар, ҳикматли сўзлар мужассам. Уларнинг ҳаёт йўли, эришган ютуқлари, бебаҳо амаллар ёшларимизга ибрат бўлғусидир. Уч авлод вакиллари билан бўлиб ўтаётган ушбу учрашувлар ҳам келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг жамиятимиздаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Кун давомидаги самимий мулоқотлар оқшомдаги тадбирга уланиб кетди. Байрамона безатилган тантаналар саройига уч авлод вакиллари, шу жумладан, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашда фидойилик билан хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимлари ҳамда жонкуяр фахрийлар ташриф буюришди. Тадбирда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирок этиб, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, унга қарши курашишдаги фидойи хизматлари ва жамиятимизни юксалтиришдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари ҳамда фахрийларни «Ички ишлар органларининг фахрий ходими», «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишонлари, Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соатлари билан тақдирлади.

 – Уч авлод учрашуви кўтаринки руҳда ўтди, – дейди Ҳазорасп тумани ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори, маёр Баҳром Жабборов. – Юртимиз осойишталигини таъминлашдаги камтарона хизматим юксак баҳоланиб, «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланганим зиммамдаги вазифага янада масъулият билан ёндашишга, жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлишга ундайди.

 

Худойберган ЖАББОРОВ,

 «Постда» мухбири.

 Хоразм вилояти.

Суратларда: табирдан лавҳалар.