Қадимий ва навқирон Шаҳрисабз шаҳри доимо сайёҳларни ўзига мафтун этадиган қадамжолардан бири. Унинг бағрида қад ростлаган “Оқсарой” тарихий мажмуаси эса, ўзининг узоқ асрлик салобати билан юртимиз ва хорижий меҳмонлар оқимининг янада кўпайишига хизмат қилаётир.


Шу сабабли, мазкур ҳудудга келаётган сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда улар билан боғлиқ бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида ҳам вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан кўплаб саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.


Яқинда вилоятнинг Қамаши туманидаги мактабларнинг бирида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар устозлари ҳамроҳлигида бу ерга саёҳатга келишди. “Оқсарой” ва унинг атрофини айланиб, ўзларининг тарихий билимларини бойитаётган келажагимиз эгаларидан бири, уяли алоқа воситасини чўнтагидан тушириб қўйганлигини айтиб, осойишталик посбонларига мурожаат қилади. Шундан сўнг, зудлик билан ишга киришган ходимлар йўқолган телефонни топиб, эгасига қайтаради. Бундан ўзида йўқ қувонган болакай ва унинг устозлари ҳам соҳа ходимларига чексиз миннатдорлик билдиришади.

Бу эса, юртимизнинг бой тарихи, ундаги маданий обидалар ҳамда бугунги кун тараққиётига гувоҳ бўлиш ниятида келган инсонлар қалбида ўз хавфсизлигига бўлган ишонч туйғусини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Шаҳзод НОСИРОВ,


катта лейтенант.