Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматов томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида Тойлоқ тумани “Шопўлот” Мфйда сайёр қабул ўтказилди.

Оммавий сайёр қабулда туман ҳокимлиги, халқ қабулхонаси, вилоят ҳамда тумандаги тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда бошқа сектор раҳбарлари иштирок этишди. Бу ҳақида Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар қилади.

Қайд этилишича, қабулда жами 76 нафар фуқаролар қатнашишган. Унда мурожаатчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этган ва 59 масалани ўз ичига олган 54 та мурожаатлар келиб тушган.

Қувонарлиси, ҳар бир мурожаатчининг масалалари тингланиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда, бартараф этиш чоралари кўрилди. 12 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Қолган барча мурожаатларни белгиланган муддат ичида ўрганиб чиқиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Қабул сўнгида маҳалладаги ёш йигит-қизларга ИД-карталари, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтар”да турган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида зарурий асбоб-ускуналар тантанали равишда топширилди.

Гулноза ТУРҒУНБОЭВА,

“Постда” мухбири.

 Самарқанд вилояти.