Жорий йилнинг 27-29 феврал кунлари Бухоро шаҳрида “Аёллари эъзозланган юрт” шиори остида ички ишлар органлари хотин-қизлари 3-республика форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур форумда вазирлик тасарруфидаги бўлинмалар, ҳарбий тузилмалар, Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоят ички ишлар органларининг энг фаол ёшларидан ташкил топган 19 та жамоа иштирок этди.

Форум иштирокчилари “Заковат”, “Энг яхши китобхон ходима” ҳамда “Фидойи аёл” номинациялари бўйича ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказишди. “Энг яхши китобхон ходима” номинациясида Урганч шаҳар ИИОФМБ 1-сон ИИБ суриштирув гуруҳи суриштирувчиси, лейтенант Сайёра Юлдашева фахрли биринчи ўринни эгаллади.

– Ушбу форум юқори савияда ташкил этилди, – дейди лейтенант Сайёра Юлдашева. – Бунда ички ишлар органларида хизмат қилаётган энг зукко, билимли ва иқтидорли шаҳодатланган ходималар иштирок этишди. Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра мен ҳам ғолиблик шоҳсупасидан жой олдим. Бу эътироф мени янада ғайрат-шижоат билан хизмат қилишга ундайди.

 “Аёллари эъзозланган юрт” шиори остида ўтказилган ушбу форум иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Форумнинг энг фаол, билимли, иқтидорли, маҳоратли иштирокчилари ғолиб ва совриндор бўлди ва тадбир ташкилотчилари томонидан тақдирланди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.