Инсон ўз ҳаётида билиб билмай хатога йўл қўйиши мумкин. Агар у қинғир босган қадамини тан олиб, астойдил пушаймон бўлса, кечиримлидир. Президентимиз фармонига мувофиқ содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир қатор фуқаролар жазодан озод этилган бўлиб, улар орасида тўрт нафар бухоролик ҳам бор.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари афв этилган фуқаролар билан учрашди. Суҳбат асносида масъуллар уларнинг ижтимоий-тиббий реаблитасияси, соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари бўйича вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш, бандлик бошқармалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб олишди.
Юзма-юз мулоқот жараёнида улардан уч нафарининг имтиёзли кредит маблағларини олишда ёрдамлашиш, бир нафарининг олий таълим муассасасида шартнома асосида таълим олаётган фарзандининг тўлов шартномасини тўлашда кўмаклашиш борасидаги мурожаатлари қабул қилиниб, улар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди. Шунингдек, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
