Бухоро вилояти Иибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди. Тренинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятига бағишланди.
Семинар-тренингда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг тааллуқли ўринбосарлари, ички ишлар органларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича масъул ходимлари иштирок этишди. Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига йўлланган мурожаатларни ҳал этиш, уларни кўриб чиқиш, натижаларини электрон тизимга жойлаштириш, мурожаатдаги масалани қонуний тартибда ҳал этишнинг ҳуқуқий асослари, идоралараро ҳамкорликдаги камчиликлар, тизимдаги бошқа масалалар кенг ва атрофлича муҳокама қилиниб, масъуллар томонидан тренинг иштирокчиларини қийнаётган муаммоли вазиятлар ҳамда саволлар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ва Иивнинг тегишли буйруқларидаги айрим қоидалар иштирокчилар эътиборига оддий ва содда тилда етказиб берилди.
Семинар-тренинг якунида вилоят ИИБ масъул раҳбарлари томонидан бу каби машғулотларни келгусида ҳам давомли равишда ўтказиб бориш бўйича билдирган таклифлар қўллаб-қувватланиб, ушбу семинар-тренинг вилоят ички ишлар органлари мурожаатлар билан ишлаш тизимига ўзининг ижобий самарасини беришига ишонч билдирилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
