Шаҳноза СОАТОВА – Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси. Филолог, блогер. Телеграм мессенжерида «Шаҳноза Соатова блоги» каналини юритади.

Узоқ йиллар давомида республикамизнинг турли нашрларида журналистик фаолиятини олиб борган. 2018 йилда ўтказилган блогерлар чемпионати ғолибаси, 2020 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган. 

 

Бугун блогерлар орасида ўз соҳасини яхши ўзлаштирган, одамларнинг олқишига сазовор бўлаётганлари кўпчиликни ташкил этади. Лекин «мен блогерман, шунча «подписчигим» бор» дея, ўз манфаати йўлида иш кўраётганлар ҳам йўқ эмас. Бундай блогерларга муносабат қандай? Умуман, чет давлатларда блогерларнинг фаолият кўрсатиши, ҳуқуқий мақоми қандай йўлга қўйилган?

Шу ва бошқа ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб излаб, блогер Шаҳноза Соатова билан суҳбатлашдик.

– Ҳар бир инсон жамиятда рўй бераётган жараёнларга жамоатчилик муносабатини кузатиши ва ўзининг ҳам мустақил фикри бўлиши лозим, албатта. Бунинг учун билим, миллий онг ривожланган бўлиши керак. Шундагина у оқни қорадан, яхшини ёмондан фарқлаб, фикрлар чорраҳасида ўзи учун муҳим хулосага кела олади.

Блогерлар алоҳида касб эгаси эмас, уларга жамоатчилик фаоллари деб қараш тўғрироқ бўлади. Бунда ҳар хил қатлам ва ёшдаги, турли соҳа ва касб эгаларини кўриш ва уларнинг турфа фикрлари, нуқтаи назари ва қарашларидаги ўзига хосликни кузатиш мумкин.

Энди бевосита блогерларни бир ерга жамлаш ва уларнинг фаолиятига давлат аралашуви, махсус қонун-қоидалар асосида ишлаши масаласига келсак, бу жуда қийин жумбоқ. Қолаверса, бу мамлакатимизда олиб борилаётган сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ишларга зид бўлади ва жамият ҳам зарар кўради. Айнан шундай тажрибани бундан бир неча йил аввал Россияда қўллаб кўришди. Яъни, уч мингдан ортиқ кузатувчиси бўлган блогерларни рўйхатдан ўтган Оавга тенглаштириш, уларнинг фаолиятини лицензиялаш ва Оавларнинг қонун-қоидалари асосида ишлатишга ҳаракат бўлди. Бу уриниш муваффақияцизликка учради. Қолаверса, бундай чекловлардан кейин блогерлар анонимга ўтиб кетишди. Бу эса улар билан ишлашни янада қийинлаштирди.

– Муносабат, таҳлил, танқидни сўз эркинлигининг муҳим омиллари, дейиш мумкин. Бугун айнан шу омиллар жамиятдаги айрим камчилик­ларни бартараф этишда қанчалик аҳамият касб этмоқда?

– Сўз эркинлигини таъминлашда муносабат, таҳлил, танқид жуда керакли жиҳатлар. Бу шунчаки рўй бермайди. Бунда фактларни ўрганиш, уларни қиёслаш ва муҳим хулосага келиб, унинг атрофдагиларга ёйилиши натижасида фикр фикрга урилиб, янги фикрлар туғилади ва айнан бир йўналиш бўйича аниқ қарашлар шаклланади. Жамиятдаги масалаларга бошқача назар ташлаш ва турлича нуқтаи назарлар муаммолар ечимига тезда ечим топилишида фойдали, деб ўйлайман.

Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. Кўпчилик афғон қозонида овқат қилишнинг афзалликларини тилга олади. Аммо уни ишлатишни билмаган ошпаз учун бу буюм ниҳоятда хавфли, такрор айтаман – ўта хавфли. Чунки ундан қопқоғи ёпиқ ҳолда фойдаланилади. Овқат мазали пишади, аммо берк қозоннинг ичидаги босим тобора ортиб боради. Агар вақти-вақти билан шу босим камайтириб турилмаса, қозон «портлайди».

Жамиятда ҳам шундай жараёнлар кечади. Яъни, жамият қанчалик ёпиқ ва берк бўлса, фикр билдирилмаса, таҳлил қилинмаса, одамларнинг мулоҳазалари ичида қолса, мулоқот бўлмаса, турлича нотўғри қарашлар шаклланиб, муаммолар ортиб бораверади.

Ташвишлиси, давлатнинг бугуни, келажаги ҳақида гумонлар ҳам кўпаяди.

– Юртимиздаги ислоҳотларга холисона муносабат билдириб келаётган фаол блогерлардансиз. Фаолиятингизда қандайдир тўсиқ, тақиққа учраганмисиз?

– Сўнгги йилларда бундай ҳолатларга дуч келмадим. Бироқ айрим сабаблар билан, баъзан ўзимнинг хатоларим сабаб, баъзан илтимосларга йўқ дея олмай, позициямда туришга иродам етмай, постларимни ўчирган, таҳрир қилган пайтларим бўлган.

Агар фаолиятимда бирор жиддий қаршиликка учрасам, янаям қаттиқ курашаман. Шунинг учун бевосита босимлар самарали эмас. Бу деганим, умуман босимлар йўқ, ҳамма эмин-эркин ижод қилиб, ўн баллик шкалада ўн баллик бемалол гапира оляпти, дейишга ҳали анча бор.

Ҳозирда жамиятимиз сўз эркинлиги ва ахборт майдонида ўзига хос ўтиш жараёнларини бошдан кечиряпти. Блогер сифатида буни яхши биламан ва қуруқ «хайп» ортидан чопмасликка ҳаракат қиламан. Балки, муаммонинг илдизини топиб, таҳлил қиламан, томонларни эшитишга уринаман. Агар бунга имконим бўлмаса, улар томонда туриб фикрлаб кўраман.

– Соҳа мутахассиси сифатида юртимизда она тилимизнинг бор имкониятларини юзага чиқариш, ташкилот ва идораларда давлат тилида иш юритиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлардан қанчалик кўнглингиз тўлади?

– Ҳаммаси энди бошланди, бугун биз «Ўзбек тили бор, у яшашга ҳақли, унинг қатор имкониятлари мавжуд», деган «ҳайқириш», яъни тарғибот босқичида турибмиз. Бу борада қилинадиган амалий ишларимиз жуда кўп. Мисол учун, интернетда ўзбек тили бўйича саволлар билан мурожаат қилиб, жавоб оладиган марказлашган ягона сайтимиз йўқ. Инглиз, рус, француз ва бошқа тилларда бор. Қозоқларнинг учта шундай сайти борлигини аниқ биламан. Дейлик, бирон сўзнинг имлоси, маъноси, таржимасини текшириш, атаманинг маъносини, қисқартма сўзларнинг ёйилмасини кўриш, у ёки бу гап ғализ тузилмаганмикин, деган иккиланишни йўқотиш учун мукаммал луғатларимиз, соҳавий атамалар жамланган порталимиз йўқ.

Яна бир жиҳат, тилимизга четдан қанчадан-қанча атамалар, соҳавий, кундалик турмушда фойдаланиладиган сўзлар кириб келяпти. Улар қонунчиликка ҳам ўша тилда, қандай бўлса, шундайлигича ўрнашяпти. Агар бу ҳолат давом эца, тилимиз қурама, яъни ҳар хил тилдан олинган сўзларнинг охирига битта кесим қўшиб гапириладиган тилга айланиб қолади. Тилимиз бу борада жуда муҳофазасиз, деб ўйлайман. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Яъни, бизга кираётган ҳар битта сўзни «филтрлаб», шу туришича ўзбек тилига кирса бўладими ё йўқ, ўзига яраша мезонларга кўра таҳлил қилиб, унинг бошқа бир таржимаси бор, дея бонг уриб турадиган атамалар қўмитаси зарур. Бунинг учун изланиш, ишлаш керак.

– Тадбирларда кенг жамоатчилик, хусусан, ёшлар билан мулоқот қилганда, улардаги қайси жиҳатлар сизни ташвишлантиради? Ёки, аксинча, улар сизда ҳайрат уйғота олганми? Эртанги кун эгаларининг шижоатини қандай баҳолаган бўлардингиз?

– Учрашувларда айрим ёшларнинг гендер тенглиги масалаларини жуда нотўғри тушуниши, ўзгаришни истамаслигини кўриб, кам китоб ўқишидан ташвишланаман. Аммо бу ҳамма ёшларга берилган баҳо эмас. Шундай пайтлар бўладики, кўзида ўт чақнаб турган ёшларнинг кутилмаган саволларидан, дадил фикрларидан илҳомланиб кетаман. Баъзан ёшлар тақдим этаётган лойиҳалар ажойиб ғояларга бой бўладики, азбаройи хурсанд бўлиб кетаман. Ёшларимизнинг тилларни ўрганишга иштиёқи, ахборот технологияларига бўлган қизиқишлари кўзларимда ҳайрат ва ҳавас уйғотади. Айниқса, эртанги кунни, келажагини шу эл билан боғлаб, мен, фарзандларим шу юртда яшаймиз, дея бор билим тажрибасини миллат тараққиётига сарф этишга шайланган ёшларга ҳурматим чексиз.

– Нашрларимизнинг асосий ўқувчилари ички ишлар органлари ходимларидан иборат. Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти ва муомаласига муносабатингиз...

– Аспирантлик кезларим маҳалламизда фаолият кўрсатадиган профилактика инспектори сидқидилдан ишларди. У бир-иккита зўравонларни «Бу қизга ҳар хил гап қилмаларинг, у келажакда катта олима бўлади» дея огоҳлантириб қўйганини орқаваротдан эшитганман. Илмни, айниқса, қизларнинг илмли бўлишини тушунгани, қадрлагани учун ҳалигача ундан миннатдор бўламан.

Биз юридик университет талабаларининг маънавиятини юксалтириш борасида ҳамкорлик қиламиз. Уларни мутолаага жалб этиш, музейларга, кинотеатрларга олиб боришга алоҳида аҳамият қаратамиз. Хўш, бу нима учун керак? Ахир, эртага шу талабалар орасидан ички ишлар органлари ходимлари, прокуратура ходимлари, ҳуқуқшунослар, адлия ходимлари чиқади. Уларда юрак, қалб тарбияси бўлиши керак. Қалби қанотланган инсоннинг маънавий парвози ҳам юксак бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қилаётган ходимларнинг шарафли касбида муваффақиятлар тилаб қоламан.

«Постда» мухбири

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА суҳбатлашди.