Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вакиллари ҳамда вилоят, шаҳар ва туманларнинг 4 та сектори масъул котиблари иштирокида “Смарт маҳалла” мобилъ ахборот тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда ушбу ахборот тизими фуқароларга бир қатор давлат идоралари, шунингдек, секторлар масъуллари ҳамда профилактика инспекторларига электрон тарзда мурожаат этиш имконини бериши маълум қилинди.
Яна бир қулай жиҳати, аризачилар юборилган мурожаатнинг кўриб чиқилиши жараёнини кузатиб боришади, натижага кўра профилактика инспектори ҳамда сектор раҳбари фаолиятига баҳо беришади. Бугунгача Самарқанд, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида жорий этилган “Смарт маҳалла” мобилъ ахборот тизими маълумотлар базасида секторлар штаблари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ҳуқуқ-тартибот масканлари ҳамда аҳоли демокрафиясига оид маълумотлар бор.
Худди шундай, тизим орқали ҳудудларда содир бўлаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар, қидирувдаги шахслар, бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот олиш мумкин. Бундан ташқари, ота-оналар таълим муассасаларининг турникети, ГПС треккер ҳамда кузатув камераларига уланган ҳолда фарзандларини назорат қилишлари мумкин. Айтиш жоиз, тизим ИИВ соҳавий хизматлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда давлат кадастрлар палатасининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.
Тадбирда “Смарт маҳалла” ахборот тизимининг қисқа муддатларда республикамизнинг барча ҳудудида жорий этилиши билдирилди. Тақдимот давомида қатнашчиларга тизимга ҳужжат ва маълумотларни юклаш тартиби батафсил тушунтирилди. Янги дастур қоғозбозликни камайтириш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишда муҳим омилга айланади, десак хато бўлмайди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
