1-декабр – бутунжаҳон оицга қарши курашиш куни

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Оицга қарши курашиш марказлари томонидан мобил лабораториялар, махсус хоналар ва мултидиссиплинар гуруҳлар ташкил этилган. Республикамизда ОИВ инфексияли беморларга 2006-йилдан бошлаб «Антиретровирус» билан даволаш бошлаб юборилган, энг аҳамиятлиси, ушбу қимматбаҳо дори воситалари ҳукумат томонидан бепул берилмоқда.

ОИВ инфексияси эпидемиясига қарши курашиш масъулиятни, профилактик тадбирларнинг узлуксизлигини талаб этади. Жумладан, бу ҳақда ҳар бир инсон етарли даражада билимга эга бўлиши, ундан сақланиш чораларига амал қилиши, ўз билимларини яқинларига, жамоадошларига етказиши лозим.

Ҳар бир шахснинг вирусни юқтириб олишга мойиллиги жинси ва ёшидан қатъи назар, бир хил ҳисобланади. Вирус одам организмидаги биологик суюқликларда бўлади ва одам организмида кунига миллиардлаб кўпаяди. Одам иммунитет танқислик вирусини юқтириб олган шахслар инфексиянинг манбайи ҳисобланади.

Вирус билан зарарланган одам қони, она сути, шаҳват ва қин суюқлигида вирус юқори миқдорда учрайди ва инфексиянинг юқишига сабаб бўлади. Сўлак, тер, бурундан оқадиган суюқлик, балғам, кўз ёши, пешоб, нажас ва қусуқ моддаларида (таркибида қон сақламаса) вирус кам миқдорда учраб, касаллик юқиш нуқтаи назаридан хавфли ҳисобланмайди. Агарда, ушбу суюқликлар таркибида кўзга ташланарли даражада қон аралашган бўлса, улар нисбатан хавфли ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Одам иммунитет танқислиги вируси жинсий, парентерал ва вертикал юқиш йўллари орқали ўтиши аниқланган.

Ташқи кўринишига қараб, Оивни юқтириб олган инсонни билиб бўлмайди. У ўзи­нинг касаллигини билмай туриб, бошқаларга юқтириши мумкин. Фақатгина одам қонини лаборатория текширувидан ўтказиб, бу касаллик юққанлигини аниқлаш мумкин. Ушбу касалликка текшириш истагини билдирган шахслар, ўзлари яшаб турган жойлардаги поликлиника, тери-таносил касалликлари диспансерлари ёки Оицга қарши

курашиш марказининг ишонч хоналарига мурожаат этишлари мумкин. Юқорида санаб ўтилган даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига бепул, мурожаат этувчининг истагига кўра, шахсини сир сақлаган ҳолда, хуфёна текширув ўтказилади.

ОИВ инфексиясининг олдини олишда барчамиз биргаликда фаол иш олиб боришимиз зарур. Доимо соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиб яшанг, шунда ҳаётимиз гўзал, турмушимиз ширин кечади. ОИВ инфексиясини юқтириш ёки юқтирмаслик, бахтли оила қуриш ва уни шакллантириш ҳар биримизнинг ўз қўлимизда эканлигини унутманг!

Фаррухбек РЎЗМЕТОВ,

ИИВ Тиббиёт бошқармаси СЕНБМ катта мутахассис шифокор-эпидемиологи, катта лейтенант.