“Тўмарис издошлари” кўрик танловининг ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари таркибидаги аёл ҳарбий хизматчилар ўртасида бўлиб ўтган мусобақа тўрт кун давом этди. Мазкур мусобақада ҳарбий хизматчилар сузиш, югуриш ва қуролни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича баҳс олиб боришди. Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган мусобақада Тўмарис издошлари ўзларининг қанчалик жисмоний ва жанговар тайёргарликка эга эканликларини амалда намойиш этишди.

Танлов якунига кўра, сузиш мусобақасида биринчи ўринни 7251-ҳарбий қисм вакили, кичик сержант Анастасия Зуева эгаллаган бўлса, кейинги ўринларни 7256-ҳарбий қисмдан кичик сержант Динора Ҳакимова ва 7251-ҳарбий қисмдан кичик сержант Севара Мирзаева банд этишди. 

Югуриш мусобақасида 7254-ҳарбий қисмдан иштирок этган оддий аскар Наргиза Маҳмудовага тенг келадиган топилмади. Бу йўналишда иккинчи ўринни 7258-ҳарбий қисмдан оддий аскар Дилшода Саидова, учинчи ўринни 7255-ҳарбий қисмдан кичик сержант Зулфия Бўронова эгаллади.

7261-ҳарбий қисмдан оддий аскар Жулдиз Айчувакова қуролни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш мусобақасида якка пешқадам бўлиб, биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар 7252-ҳарбий қисмдан оддий аскар Феруза Турсунова ва 7255-ҳарбий қисм вакили, кичик сержант Шохсанам Нуралиевага насиб этди.

Эндиликда ғолиблар “Тўмарис издошлари” кўрик танловининг республика босқичида иштирок этишади.

Ўз мухбиримиз.