Жорий йилнинг 21 апрелъ куни Нукус шаҳрида Ички ишлар вазирлиги академик лисейлари ўртасида “Жалолиддин Мангуберди авлодлари” спартакиадасига старт берилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан биринчи марта ўтказилаётган мазкур мусобақанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А. Темирханов, Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси З. Реймова, Ўзбекистон Республикаси ИИВ бошқарма бошлиғининг ўринбосари, полковник С. Абдуқодиров, Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқарма бошлиғи, сенатор А. Данияровлар сўзга чиқиб, мамлакатимиз тинчлик-осойишталигини таъминлаш йўлида фидойилик ва жасорат кўрсатган аждодларимизни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали, уларни она ватанга содиқлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтишди.
Шунингдек, мазкур мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам Жалолиддин Мангуберди каби аждодларимизнинг мардлик ва жасорат тимсолларини келажагимиз эгаларига намуна қилиб кўрсатиш орқали уларни ҳам она Ватанимиз осойишлигини кўз қорачиғидек асрайдиган инсонлар қилиб тарбиялашдан иборат эканлигини таъкидлашди.
Шундан сўнг, ИИВ Қорақалпоқ академик лисейи ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ «Ашула ва рақс ансамбли» ва бошқа санъаткорларнинг чиқишлари намойиш этилди.
Уч кун мобайнида бўлиб ўтадиган ушбу мусобақада иштирокчилар спортнинг кўп кураш, енгил атлетика ва мини футбол турлари бўйича ўзаро беллашадилар.
Азамат Пирниязов,
«Постда» мухбири.
