Ўзбекистон Самбо ассоциасияси ҳамда ИИВ Малака ошириш институти ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми ижросини таъминлаш мақсадида ушбу таълим муассасаси Бектемир ўқув базасида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни самбо бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, спорт устаси, подполковник Муродхон Тўраев очиб, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан аҳолимизнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар тўғрисида тўхталди. Шунингдек, Самбо ассоциасияси ва ИИВ Малака ошириш институти ўртасидаги тузилган ҳамкорлик меморандумининг асосий мақсади ҳам ходим ва тингловчиларнинг жанговар ва жисмоний шайлигини ошириш, самбо ва жанговар самбо бўйича уларнинг билим ва малакаларини оширишдан иборат эканлигини таъкидлади. 

Учрашувда сўз олган Самбо ассоциасияси вице президенти, халқаро тоифадаги спорт устаси Ислом Адилов ҳам жамиятимизда соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ҳамда оммавий спорт билан шуғулланиш ҳар бир ички ишлар органлари ходими учун муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

ИИВ Жазони ижро этиш департаменти ходимлари, жанговар самбо бўйича ўтган йилги жаҳон чемпионати кумуш медали совриндорлари, лейтенант Соҳиб Ҳасанов, сафдор Ойбек Солиэв ҳамда Осиё чемпиони, сафдор Элёр Ходжимаматовлар тингловчиларга ўзининг ҳаёти, спортга кириб келишдан мақсади ҳамда эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.

Савол-жавобларга бой тарзда ўтган ушбу тадбир барчада катта таассурот қолдирди.

ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.