Яқинда Навоий вилояти ИИБ бошлиғи, полковник А. Тасбаэв, вилоят прокурори Б. Ахмедов, ИИВ ҳузуридаги Жиэднинг Бешинчи минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи, подполковник И. Шеров, Миллий гвардиянинг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи, полковник А. Усмонов, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва ИИВ Қоровул қўшинлари 7532-ҳарбий қисми раҳбарияти 11-сон жазони ижро этиш колониясида бўлишди.
Улар мазкур муассасани қўриқлаш ва унда хавфсизликни таъминлаш, шунингдек маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий-маиший таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатилиши билан танишишди. Шунингдек, маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик тадбирлар, муассасада уларни касбга ўргатиш, иш билан таъминлаш масалалари, истиқболдаги режалар билан қизиқишди.
Маълумот ўрнида шуни қайд қилиш керакки, жорий йилнинг 18 февралъ куни колониянинг ишлаб чиқариш фаолияти янада кенгайди. Аниқроғи, “ЭДЕМ ТЕХТИЛЕ” масъулияти чекланган жамият билан ҳамкорликда муассасанинг тергов ҳибсхонаси ва турма тариқасида жазо муддатини ўртаётган маҳкумлар участкаси ҳудудида газлама тўқув сехи ташкил этилди. Натижада яна 20 нафар маҳкумнинг бандлиги таъминланди. Айни пайтда бу ерда турли матолар ишлаб чиқарилмоқда.
Ташриф буюрганлар муассасада келгусида қўшимча иш ўринларини яратиш ҳамда бозор талабларига мос, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар беришди. Улар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида тергов ҳибсхонаси ва турма участкаси ҳудудида мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазишди.
Анвар АСАДОВ,
11-ЖИЭК бошлиғининг
ўринбосари, подполковник.
