“Зарбдор ойлиги” тадбирлари
Вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги институтининг Бухоро филиали талабалари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда вилоят ҳудудида айнан ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар хусусида сўз юритилиб, кейинги вақтларда ёшлар орасида гиёҳванд моддалар истеъмоли, уларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятлар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг турли кўринишлари, содир этишнинг усул ва услублари ҳамда янгича кўринишлари, ижтимоий тармоқлар орқали ёшларимиз онгини заҳарлаш, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари ва қасддан тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар, қолаверса, эрта турмуш, эрта туғруқ, ўз жонига қасд қилиш борасида юзага келаётган муаммолар бирма-бир таҳлил қилиниб, йиғилиш иштирокчилари эътиборига етказилди. Шунингдек, талабаларга ички ишлар бошқармаси томонидан тайёрланган фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларининг барвақт олдини олишга қаратилган, фуқароларни огоҳликка чақирувчи буклетлар тарқатилди.
Институт ҚВЗ жамоаси томонидан кўрсатилган саҳна кўриниши билан учрашув янада таассуротларга бой бўлди. Учрашувда иштирок этган ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилиб, уларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан билдирган таклиф ҳамда тавсиялари қабул қилинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
