Ҳикматларнинг бирида “Нафснинг давоси – очкўзликни тарк қилишдир, ҳарисликка йўл қўймасликдир” дейилган. Лекин шуни билатуриб, айримлар ўз нафсига эрк бериб юборадики, алалоқибат қилаётган ишим жиноят эмас, “қўл ҳақи” деб тушунадиган бўлишади. Бир танишим ўғлини операция қилдирди. Жарроҳ шифокордан “хизмат ҳақи”ни сўрабди. У ҳеч нарса керак эмас, деса, ҳамширалардан бири “шифокорни рози қилинг” деганмиш. Шунда у ўғлимга яхши қарашади, деб шифокорнинг чўнтагига пул қистирибди. Қанча бердингиз, деб сўрасам, “арзимас пул” дея кифояланди. Яқинда онам хусусий шифохоналардан бирида даволаниб чиқди. Укам онамни шифохонадан олиб чиқаётганда ҳамширалар бир нимадан умидвор бўлиб, палатага қаторлашиб киришибди. Аммо укам уларнинг мақсадини билмаган: хайру хўш билан чегараланган, холос. Шуни онам менга айтиб, кулиб қўйди.
Хўш, нега бу мисолларни келтириб, айнан шифокор мавзусига уруғи беряпман. Чунки галдаги “қаҳрамонимиз” ҳам оқ халатли фаришталардан бири. Аммо унинг тамагирлиги...
Лобар хола (исмлар ўзгартирилди)нинг келини туғишга қийналди. Шифокорлар жарроҳлик йўли билан чақалоқни дунёга келтиришди, барака топишсин, илоҳим. Аммо кетидан ғавғоси чиқиб қолди.
– Янгажон, набирангиз ҳам, келинингиз ҳам соғ-саломат. Энди бизни бир суюнтирмасангиз бўлмайди, – деди шаҳар туғруқ комплексининг жарроҳлик бўлими мудири В.Орзигул айёрона жилмайиб.
Хола дарров бир сиқим пулни шифокор чўнтагига тиқди. Пулнинг “чўғи” пастлиги боис шифокор афтини буриштириб:
– 500 минг сўм берасиз, – деди.
– Синглим, мунча пулим йўқ. Ўғлим ишлашга кетган. Ҳали-вери пул узата олмайди. Шунга рози бўлинг, чин кўнгилдан бердим, – деди Лобар хола қизариб.
Ҳарқалай, шифокор келишадиган бўлди.
– Майли, пулингизни санамадим. Яна 450 минг сўм берасиз,– деди масалага узил-кесил нуқта қўйиб.
Лобар хола ўйлай-ўйлай охири ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишдан ўзга чораси йўқлигини англади. Шундай қилмаса, эртага келинини шифохонадан чиқаришга қийналиши аниқ эди. Ёки...
Шундай қилиб, Лобар холанинг аризасига асосан, тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирда тамагир мудир Лобар холадан келишилган 450 минг сўм пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланди. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
