Ёшлар – келажак бунёдкори

Олис Қўнғиротнинг чекка овулида дунёга келган Инобат келажакда ҳуқуқ-тартибот посбони бўлишни орзу қиларди. Шунинг учун адабиёт, тарих, инглиз тили фанларини чуқур ўрганди. Ўзи таълим олаётган Нукус юридик коллежида ҳуқуқшунослик фани бўйича ўтказилган билимлар беллашувининг фаол иштирокчиларидан бири бўлган, «Юксак маънавиятли авлод» кўрик-танловининг туман босқичида уч йил пешқадамликни қўлдан бермаган Инобат Базарбаевага барча тенгдошлари ҳавас қиларди. 

2019 йил коллежни аъло баҳолар билан тамомлаган Инобат Академияга кириш имтиҳонларини топшириш учун пойтахтга отланди. Бироқ бироз омади чопмай, яна Қўнғиротга қайтишга мажбур бўлди. 

Инобат мақсади йўлида собит қадам қатъияти аниқ, шижоати баланд қиз. Бу хислатлари орадан бир йил ўтиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлди.

 – Курсантлар сафига қабул қилинганимдан қувончим ичимга сиғмасди. Ахир, шундай даргоҳда билим олишга ҳавасманд ёшлар ниҳоятда кўп эди-да, – дейди у ҳаяжонли дамларни ёдга олиб.

 Инобат Базарбаева ҳозир Академиянинг 2-босқичида, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти» йўналишида таълим олмоқда. Устозларидан олган назарий билимларини амалий машғулотларда мустаҳкамлаб келаяпти. Етук малакали профилактика инспектори бўлишни мақсад қилган умидли курсантимиз машғулотлардан бўш вақтида турли кўрик-танлов ва маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этади. Китоб ўқиш унинг жону дили. Қўлига бир калава ип тутқазсангиз борми, бир зумда ҳунарини ишга солиб, ажо­йиб мато тўқиб беради. Инобатнинг яна бир ютуғи ўзбек, рус, қозоқ ва инглиз тилларида равон сўзлаша олишидир. 

Мамлакатимиз ёшлари учун яратилаётган улкан имкониятлар Инобатни янги марралар сари руҳлантирмоқда. У жорий йилда олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган «Мардлар беллашуви» кўрик-танловида «Энг иқтидорли курсант» номинациясида ғолиб бўлди. Яқинда Академия курсант қизлари иштирок этган китобхонлик танловида ҳам пешқадамлик қилди. Қувонарлиси, у 2020 йилда Ички ишлар вазири стипендиати бўлди. 

– Замонавий шарт-шароитларга эга масканда таълим оляпмиз. Соҳамизнинг профессионал мутахассиси бўлиш учун бу имкониятлардан тўлиғича фойдаланишимиз керак. Муҳими, билим олиш йўлидаги меҳнат ҳеч қачон зое кетмайди, – дейди қаҳрамонимиз. 

Ҳозир у халқаро ҳуқуқ фани бўйи­ча Республика фан олимпиадасига астойдил ҳозирлик кўраяпти. Мақсадлари бир олам курсантимиз учун она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчини адо этишдан-да, азизроқ туйғу йўқ. 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.