Ўринбосарнинг бир куни
Эрталабки йўриқномада подполковник Қиличбек Ўсаровнинг дунёда ва юртимизда рўй бераётган муҳим воқеаларга оид тушунтиришлари капитан Фарҳод Бойқораевнинг завқини келтирди. У ҳар бир фикрини рақам ва маълумотлар билан изоҳлар, самимийлик уфуриб турган сўзларидан юртга муҳаббати яққол сезиларди.
Қисқа маърузадан сўнг подполковник рўйхатга кўра кимлар билимини ошириш мақсадида кутубхонага, яна кимларнинг спорт билан шуғулланиш учун тренажёр залига боришини эълон қилди. Кейин айримларни чет тилларини ўрганишга, бошқаларни эса замонавий ахборот технологияларини ўзлаштиришга чақирди. Бу борадаги масъулият ёш ходимларга мураббий сифатида бириктирилган 8 нафар офицерга юкланди. Йўриқномадан сўнг шахсий таркибнинг асосий қисми хизматга йўл олди.
Профилактика инспектори Фарҳод Бойқораев ҳам тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун фаолият ҳудудига отланди. Аммо хаёлини ҳамкасби билан боғлиқ ўйлар тарк этмаганди. Қиличбек Ўсаровни 5 йил илгари Пахтакор туманида илк маротаба учратган. Ўшандаёқ қатъиятли ва билимли ҳамкасбининг иши қанчалик кўп бўлмасин, китоб ўқишга вақт топишини сезганди.
Ўзи ҳам адабиёт ихлосманди бўлгани учунми, ёшларидаги 3 йиллик фарққа қарамасдан чин дўстларга айланишди. Кўп ўтмай Қиличбек Ўсаровнинг умуман ёлғон гапирмаслиги, ҳар бир ишни мукаммал бажаришга интилиши, ўқиш ва ўрганишдан чарчамаслиги, барчага қўлидан келганича ёрдам беришини билиб олди. Шунингдек унда етакчилик қобилияти бор. Ана шу фазилатлари бугун Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари сифатида самарали хизмат юритишига омил бўлмоқда.
Эътиборлиси, ўзидаги китобга бўлган муҳаббатни шахсий таркибга юқтира олди. Ходимларни ИИВ томонидан белгиланган бадиий асарларни ўқишга ундайди, кейин суҳбат ўтказиб, билимларини синайди. Баъзида бу жараён сюжет, ғоя, муаллифнинг қаҳрамонлар характерини очиб беришига оид қизғин мунозарага айланиб кетади. Кутилмаганда Алишер Навоий, Румий, Фузилий каби туркий улус улуғларидан сўзлаб, айрим ҳамкасбларини шошириб ҳам туради.
Дарҳақиқат, бугун ҳам подполковник белгиланган режага мувофиқ 5 нафар ходим билан алоҳида суҳбат ўтказди. Мулоқот хизмат самарадорлигини ошириш, интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда оилавий шароитни ўрганиш тарзида кечди. Сўзлашув ўқилган бадиий асарга дохил таассуротларни баён этиш ҳамда мутолаа учун янги китоб олиш билан ниҳояланди.
Шу куни Қиличбек Ўсаров профилактика катта инспектори, капитан Асқар Бўрибоевнинг хизмат уйига бориб, ҳамкасби ва унинг оила аъзолари билан суҳбат қурди. Мазкур жараёнда одатдагидек соҳа вакилларининг мураккаб хизмати ва уларни оилада қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида гап борди. Сўнг профилактика инспекторининг турмуш ўртоғини ишга, болаларини мактабгача таълим ташкилотига жойлаштиришга келишиб олинди. Бундай мулоқотлардан сўнг баъзида заруратга кўра моддий ёрдам ажратиш ёки бошқа бир муаммони ҳал қилиш чоралари кўрилади.
Куннинг иккинчи ярмида жадвал асосида 8 нафар ходим билан бирга ИИБ тренажёр залида ўтадиган машғулотда иштирок этади, уларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини баҳолайди. Эришилаётган натижаларга кўра ходимларни руҳлантиради, рағбатлантиради. Айтганча, шахсий таркибнинг жанговар шайлигини ошириш мақсадида ҳафтада 2 марта қўл жанги ва енгил атлетика машғулотлари уюштирилади.
Спорт мусобақалари ҳам мунтазам ташкил этилмоқда. Чунончи, жорий йилнинг ўтган даврида 361 та машқ, 23 та мусобақа, 27 та жанговар ва жисмоний тайёргарликни оширишга қаратилган машғулот ўтказилди. Бундан ташқари жанговар қуролларни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда ўқ отиш машғулотлари мунтазам ташкил қилинаётир.
Маданий-маърифий тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, илм, адабиёт, саънат намояндалари ва соҳа фахрийлари иштирокида 25 та, улуғ аждодларимиз шарафига бағишланган 9 та тадбир уюштирилди. 7 марта музейга, 3 марта консертга борилган.
Худди шундай, ғаллаороллик ички ишлар органлари ходимлари вилоят миқёсида ўтган “Энг яхши китобхон”, “Энг яхши тезкор вакил” кўрик-танловларида иккинчи, жанговар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича уюштирилган беллашувда биринчи ўринни эгаллашди. Ички ишлар бўлимида барпо қилинган “Ватанпарварлик бурчаги” вилоятда энг яхши, деб топилди. Табиийки, бу ютуқларда мақоламиз қаҳрамонининг салмоқли ҳиссаси бор.
Шахсий таркибда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳам подполковник Қиличбек Ўсаровнинг вазифалари сирасига киради. Шу маънода ўрганиш ва рейдлар ўтказади, хато ва нуқсонларга йўл қўяётган ходимларни ўнглаш чораларини белгилайди. Бу борада унинг шиори — “Тарбияда танаффус бўлмайди”. Айтганча, яқинда Ғаллаорол тумани ИИБ тарихига оид рисолани ёзиб тугатди.
Унинг иши қанча кўп бўлмасин, китоб ўқиш билан боғлиқ одатини ўзгартирмаган. Кун якунида, осмонда ой балқиганда адабиёт оламига ошно тутинади. Ҳозир Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир” асарини мутолаа қилаётир. Китоб сабаб унинг хонасидаги чироқ қоронғу кечда ҳам ўчмайди...
Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Қиличбек Ўсаров 1985 йилда Бахмал туманида туғилган. Ички ишлар органларидаги хизматини 2009 йилда Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳи милиция таянч пунктлари профилактика инспектори лавозимида бошлади. “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони ва бир қанча фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Оилали, 3 нафар фарзанди бор.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“ПОСТДА” мухбири
Жиззах вилояти.