Андижон вилояти ИИБ ходимлари учун навбатдаги “Маънавият ва маърифат” дарсида “Тақдир” номли лирик драма асари асосида саҳналаштирилган спектакл намойиш этилди.
Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий тафаккурини юксалтириш, тарихимиз, миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда театрнинг аҳамияти катта ҳисобланади.
Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари учун навбатдаги “Маънавият ва маърифат” дарси ҳар қачонгидан ноанъанавий тарзда бўлиб ўтди.
Боиси вилоят ИИБ аппарати шахсий таркиби ҳамда туман ва шаҳарларнинг бир гуруҳ ходимлари, ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчилари Андижон вилояти мусиқали драма театрига таклиф қилинди.
Маънавият масканида бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясини ижро этишдан бошланди. Шунингдек, театр жамоаси, ходимлари драматург Нурилло Аббосхоннинг “Тақдир” номли лирик драма асари асосида саҳналаштирилган спектаклни намойиш этдилар.
Театр ҳар қандай даврда, доим ҳам ҳаётий сабоқлар берувчи жонли восита ҳисобланган. Шу боисдан инсон маънавиятини юксалтиришда театрнинг алоҳида ўрни бор. Андижон вилояти мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси томонидан саҳналаштирилган спектакл ички ишлар органлари ходимларида катта таассурот қолдирди.
Намойиш этилган спектакл ходимларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, эстетик тарбиясини кучайтириш, уларнинг маданият ва санъатнинг турли соҳаларига бўлган қизиқишларини яна-да оширишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Б. Клейман
