Президентимизнинг 2021 йил 21−22 январъ кунлари Бухорога ташрифи давомида Олот тумани "Арабхона" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 12 гектар майдондаги тузли сув ҳавзаси ва қум бархани ҳудудида давлат-хусусий шерикчилик асосида аҳоли саломатлигини тиклаш ва халқ табобатини кўрсатишга ихтисослашган замонавий тиббий туризм марказини ташкил этиш белгиланган эди. Вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси матбуот хизматининг хабарига кўра, яқинда туманнинг Хўжадавлат ҳудудида жойлашган Олот туз конида мавсумий тиббий туризм маскани ўз фаолиятини бошлади. Марказда 16 та ўтов ўрнатилган бўлиб, бир кунда у 200 дан ортиқ ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Тиббий нуқтаи назардан қаралганда, очиқ осмон остидаги бу масканда неврологик касалликлар (неврит, полиневрит, радикулит,бўғим ва таянч аъзолари касалликлари, артроз, артрит ва буйрак касалликлари) даволанади. Муҳим жиҳати, ташриф буюрувчиларнинг ҳар бири муолажаларни олишдан аввал тиббий ходимлар кўригидан ўтиши ҳамда артериал қон босимини аниқлаши талаб этилади. 

Масканда қумли ванналар, тузли сув, туз кристаллари ва қора балчиқ муолажаларини ўтказиш тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, мутахассислар томонидан қўшимча хизматлар кўрсатилади. Мазкур тиббий туристик марказга июнъ, июлъ, август ойларида қумли ва тузли табиий муолажаларни олиб шифо топиш мақсадида республиканинг барча ҳудудларидан, қолаверса, қўшни республикалардан меҳмонлар ташриф буюришлари мумкин. Қолаверса, ушбу масканда туя сути билан даволаш хизматлари, шунингдек, дам олиш жойлари, санитар-гигиэник шохобчалар, енгил конструксияли чўмилиш учун душлар қурилиши режалаштирилган.

М. АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.