Танлов
Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходималари ўртасида “Тўмарис издошлари - 2023” танлови бўлиб ўтди. 32 нафар соҳа вакиллари 6 та шарт, жумладан, “АК-74” автомати ҳамда “ПМ-9” тўппончасидан 100 метр узоқликдаги нишонга уришга оид маҳоратларини намойиш қилдилар.
Кейинги шартларда жароҳат оқибатида оқаётган қонни тўхтатиш, боғлаш ҳамда газ ниқоб кийган ҳолда ярадорни хавф ҳудудидан олиб чиқиш амалиёти бажарилди. Бу жараёнда ниқобланиш ва қуролни асраш масаласи ҳам эътиборда бўлди.
Сўнг 800, 400, 200, 100 метрга эстафета таёқчаси билан югурилди. Шунингдек, 50 метр масофага сузиш бўйича беллашилди. Бундан ташқари, ходималарнинг дала шароитида палов ҳам нон пиширишга оид салоҳиятлари синовдан ўтказилди. Ҳар бир шартнинг белгиланган талаб ва муддатларда сифатли уддаланиши Жиззах вилояти ИИБ соҳавий хизматлари масъуллари томонидан баҳолаб борилди.
— Ушбу танловда Жиззах шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи инспектор-психологи, катта лейтенант Моҳинур Ғозиева, Дўстлик тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, лейтенант Сарвиноз Абдувалиева, Шароф Рашидов тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, капитан Сожида Жуманова сингари ҳамкасбларимиз ижобий натижаларга эришдилар, — дейди Жиззах вилояти ИИБ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматининг хотин-қизлар масалари бўйича ўринбосари, подполковник Лола Маматқулова. — Ўз навбатида танлов ғолибларидан 12 кишилик жамоа шакллантирдик ва улар тез кунларда Самарқанд вилоятида уюштириладиган “Тўмарис издошлари - 2023” танловининг 2-босқичида қатнашадилар.
Танлов якунида ғолибларга вилоят ИИБ томонидан таъсис этилган совғалар топширилиб, Самарқандда ўтажак беллашувларда муваффақиятлар тиланди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.