Фахрийлар – фахримиз
Бу ҳодиса 1997-йили содир бўлган. Ғаллаорол тумани ИИБ тергов гуруҳи бошлиғи Бердибек Умматов эрталаб хизмат хонасига кириши билан телефон жиринглади. Гўшакни кўтарган заҳоти навбатчи «Сарбозор» маҳалласи ҳудудидаги дўкондан йирик миқдорда пул ўғирланганлигини маълум қилди. Ўн дақиқа ўтар-ўтмас тергов-тезкор гуруҳи таркибида айтилган манзилга етиб борган маёр воқеа жойини кўздан кечириб, жиноят дўконга алоқадор шахс томонидан содир этилганлигига амин бўлди.
Чунки қулф бузилмаганди, қолаверса, омборхонадаги эҳтиёт қисмлар орасига пул яширилганлигини бегона киши билиши мумкинми? Бино орқасидаги катта қулф осилган темир эшикнинг қуйи қисми бироз қайрилгани ҳам тергов бўлими бошлиғи эътиборидан четда қолмаганди. Шу боис эшикнинг пастидан тутиб, куч билан тортди, натижада бир одам сиғарлик туйнук ҳосил бўлди. Демак, ўғрилардан бири эшикни кўтариб турган, бошқаси ичкарига кирган.
Топгани рўзғорга кириб кетишидан хавфсираб, бор нақдини омборхонага яширган дўкон эгаси сал нарида тергов-тезкор гуруҳи аъзолари ҳаракатларини умид билан кузатиб турарди. Жиноят қидирув бўлими ходимлари шубҳа остига олинганлар билан бирин-кетин суҳбатлаша бошлади. Маёр Бердибек Умматов эса 20 метр нарида, йўл ёқасида писта сотиб ўтирган кампирнинг бирор шубҳали нарсага гувоҳ бўлган бўлмагани билан қизиқди.
Ўз навбатида момо дўконнинг «Томас» лақабли қоровули тонгда маст ҳолда келиб: «Томас – аввалги Томас эмас, энди у миллионер, мана бизнесни кенгайтиринг», деганча бир даста пул ташлаб кетганлигини билдирди. Ана шу маълумот асосида бир кечада «миллионер»га айланган Тўлаган исмли қоровул Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ушланди. Гумон қилинувчи жиноятни содир қилганини тан олиб, бу ишни ёлғиз амалга оширганлигига терговчини ишонтиришга уринарди.
Шу сабабли маёр тергов тадқиқоти ўтказди. Яъни, жиноятчидан орқа эшикдан қандай кирганлигини кўрсатишини сўради. Бир қанча уринишларга қарамасдан, бу ишнинг уддасидан чиқолмаган Тўлаган шеригининг кимлигини айтишга мажбур бўлди.
Истеъфодаги полковник Бердибек Умматов тергов тизимидаги 23 йиллик фаолияти давомида кўплаб жиноятларни фош этгани, билимдон терговчи сифатида ҳамкасбларининг ҳурматини қозонганди.
1983-йилда ички ишлар органларида хизматни бошлаган Б. Умматов 1990-йилдан тергов тизимига ўтиб, Зарбдор, Ғаллаорол, Бахмал, Мирзачўл туманлари Иибларида хизмат қилди.
2013-йилда пенсияга чиққан полковник Бердибек Умматов ҳозирда вилоят ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси сифатида ёш ходимларни тарбиялаш, шахсий таркибда хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш ҳамда фахрийлар бошини бириктиришдек эзгу ишга ҳисса қўшаётир. Қолаверса, 5 фарзанднинг севимли отаси, 16 нафар набиранинг суюкли бобоси бўлган Бердибек Умматов боғдорчиликка меҳр қўйган. Ҳовлисидаги 70 га яқин мевали дарахт ҳамда 100 туп павлония унинг меҳнатлари самараси.
Айтганча, ҳар куни эрта тонгда велосипедда 10 километр йўл босишни, бадиий асарлар ўқиш одатини ҳам қўймаган. Бу йил 63 ёшни қаршилаган лавҳамиз қаҳрамони нафақат оила аъзолари, балки ёш ходимлар, шунингдек, ўзи истиқомат қиладиган «Нурафшон» маҳалласи аҳлига ҳар жиҳатдан ибрат, десак, адашмаймиз.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.