Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Б.Мирзараҳимов томонидан Сурхондарё вилояти ИИБ Ташкилий бошқармаси навбатчилик қисми ва “102” тизимининг тунги фаолияти ўрганилди. Ўрганиш давомида, навбатчилик хизмати томонидан криминоген вазиятни назорат қилиш, жиноят ва ҳодисалар тўғрисида келиб тушган хабарлар юзасидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар бўйича ходимларнинг ҳаракатлари текшилиб, уларга қўшимча йўриқнома берилди. Бундан ташқари, “102” тизимига келиб тушаётган хабарлар бўйича тезкорлик билан маълумотларнинг тегишли ҳудудий ички ишлар органларига етказилиши ҳамда тегишли хизмат ходимларининг воқеа жойига ўз вақтида етиб бориши назоратдан ўтказилди.
Термиз шаҳар Иибнинг тунги фаолияти ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, навбатчилик қисмига аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларнинг “Э-материал” электрон дастурига қайд этиш ва ижросини таъминлаш жараёнлари билан танишилди. Берилган шартли сигнал асосида ИИБ биносига йиғилган тергов-тезкор гуруҳи аъзоларининг эпикировка ва ёрдамчи воситалари назорат тартибида кўздан кечирилиб, уларга қўшимча йўриқнома берилди.
Шундан сўнг Термиз шаҳрида тунги хизматга жалб этилган шахсий таркибнинг хизмат фаолияти жойларга чиққан ҳолда ўрганилди. Жумладан, шаҳарнинг “Боғишамол” маҳалласида жойлашган 12 мингдан ошиқ аҳоли яшайдиган “Фаровон” аҳоли массивидаги 38 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи Ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти кузатилди. Ҳудудда хизмат олиб бораётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳамкорликдаги фаолияти текширилиб, аҳоли ва жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
