Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров аҳоли пунктларини ободонлаштиришга қаратилган тадбирлар сифати билан танишиш мақсадида Пахтакор туманидаги Дилором маҳалласида бўлди. Бу ерда ноқонуний иншоотлар бузилиб, чиқиндилар олиб чиқилмоқда. Очиқ айтиш керак, 4544 нафар аҳоли истиқомат қиладиган, 56 та кўп қаватли уй ҳамда 83 та ҳовлига эга мазкур маҳаллада тозалик борасидаги вазиятни яхши, деб бўлмайди. Турар жойларнинг ташқи кўриниши ҳам кўнгилдагидек эмас. Лекин тез орада ҳаммаси ўзгариши аниқ. Қисқа муддатда ҳудуддаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш, йўлларга шағал ётқизиш режалаштирилган. Ҳолатига кўра, электр, сув ва газ тармоқлари янгиланади ёки созланади. Аҳолини банд қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам истиқболли режалар бор.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи шу жойда ҳокимлик ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари раҳбарлари билан мулоқот ўтказиб, ободонлаштириш, қурилиш ва таъмир ишларига қўшимча техникалар, ёнилғи маҳсулотлари ажратиш, кўчаларга шағал ётқизишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди. 

Сўнг бошқарма бошлиғи Зафаробод туманининг “Узун” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги тадбиркорлик субъэктлари вакиллари билан учрашди. Интенсив усулда балиқ етиштириш устида иш олиб бораётган Шерзод Зокиров фаолияти билан қизиқди. 

Шунингдек, генерал-маёр Ғайрат Қодиров Арнасой туманидаги 3-сектор ҳудудида жойлашган Мирзо Бобур номидаги маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам борди. Бу маҳаллани қисқа муддатларда обод қилиш кўзда тутилаётир. Ҳудудда ҳозир ўндан ортиқ қурилиш техникалари ишламоқда. Тез орада маҳаллада бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга киришилади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.