Кун қаҳрамони

1996 йил 1 ноябр куни Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи Худойбердиевлар хонадонида ўғил фарзанднинг дунёга келиши оила аъзолари учун унутилмас хурсандчиликни туҳфа этди. Авваламбор, фарзандларнинг комил инсон сифатида вояга етиши оилавий соғлом муҳитга боғлиқ. Бугунги кунда 24 ёшни қаршилаган лавҳамиз қаҳрамони ҳавас қилса арзигулик мана шундай намунали хонадонда тарбия топди, ўсиб-улғайди. 

Шаҳризод Худойбердиев 2018 йили ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлаб, 2020 йилга қадар дастлаб Навоий вилоятининг Кармана тумани, сўнгра Хатирчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тбда терговчи вазифасида хизмат олиб борди. Ҳозирда у ўз иш фаолиятини Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ Йўл-транспорт билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси терговчиси сифатида давом эттиряпти. У устозларига эргашиб, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишга аҳд қилган. 

Садоқат ҳамда фидойиликни шиор билган бу ходим ўзига талабчанлиги, тиришқоқлиги ҳамда ташаббускорлиги билан ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозонган. Катта лейтенант Шаҳризод Худойбердиев жорий йилда 18 та жиноят ишини тергов қилди. Тергов жараёнида ўта синчиковлиги натижасида 2 та янги жиноятни аниқлашга муваффақ бўлган. Шунингдек, 2 нафар қидирувда бўлган шахснинг қўлга олинишида иштирок этди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 20 дан ортиқ тергов қилинган жиноят ишлари юзасидан киритилган тақдимномалар муҳокамасида фаол иштирок этди.  

– Шаҳризод Худойбердиев томонидан амалга ошириб келинаётган ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, содир этилаётган жиноятларни ўз вақтида фош қилиш, айниқса, ёшлар жиноятчилигининг олдини олишга қаратилган ишлар ўзининг самарасини бермоқда, – дейди вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ Йўл-транспорт билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси бошлиғи, маёр Нурбек Раҳматов. – Энг муҳими, у касбимизнинг масъулияти ҳамда машаққатини теран англайди, тергов жараёнида ҳеч бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмайди, ҳар бир ишга сидқидилдан, виждонан ёндашади. Натижада жиноятларнинг тез ва осон фош этишга эришмоқда. 


Дилрабо АБДУҲАМИДОВА,

 сафдор.

Навоий вилояти.