Жорий йилнинг 24-ноябр куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Азизбек Икрамов томонидан Хоразм вилояти аҳолиси учун ички ишлар органлари фаолиятига оид мурожаатлар бўйича сайёр қабул ўтказилди. Хива шаҳрида бўлиб ўтган мазкур сайёр қабулда 50 га яқин мурожаат келиб тушди. Вазир ўринбосари ҳар бир мурожаатнинг мақсад ва мазмунини пухта ўрганиб, уларни қонун доирасида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратди. Унда фуқаролар томонидан нафақат муаммоли масалалар, балки, ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона хизматлари юзасидан миннатдорликлар ҳам билдирилди.

Сайёр қабул якунида имконияти чекланган фуқаролардан бир гуруҳига ногиронлик аравачалари топширилди.

Шундан сўнг, генерал-маёр Азизбек Икрамов Хива шаҳридаги “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатига бориб, ушбу таълим муассасасининг куз-қиз мавсумига тайёргарлиги, ошхона ва кутубхона фаолиятини кўздан кечирди. Шунингдек, келгусида мактаб-интернат ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш-реконструксия ишлари билан ҳам яқиндан танишди.

Мактаб-интернат педагоглари ва ўқувчилар билан бўлиб ўтган учрашувда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш бўйича билдирилган таклифлар диққат билан тингланиб, уларни тегишли тартибда юқори турувчи органларга етказиш ва амалиётга тадбиқ этиш борасида келишиб олинди.

Вазир ўринбосари таълим даргоҳига ички ишлар органлари томонидан ҳомийлик ёрдами сифатида ажратилган кондисионерни топширди.

Ички ишлар органлари учун малакали кадрларни етиштириб берувчи таянч таълим муассасалари ҳисобланган ИИВ академик лисейлари фаолияти Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг доимий эътибор ва назоратига олинган. Шу боисдан, генерал-маёр Азизбек Икрамов ИИВ Хоразм академик лисейи фаолиятини ўрганиш учун ушбу таълим муассасасига ҳам борди. Унда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш ҳамда фан олимпиадаларида фаол иштирок этишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, зарур тавсия ва маслаҳатлар берди. Шу куни ўқувчилар иштирокида ўтказилаётган “Заковат” интеллектуал ўйини вазир ўринбосари томонидан юқори баҳоланди.

Генерал-маёр А. Икрамов вилоят ИИБ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига келиб, у ердаги болалар билан яқиндан суҳбатлашди. Уларнинг оилавий шароити ва марказга олиб келиниш сабабларини ўрганиб, келажагимиз эгаларига ҳаётда тўғри йўлдан адашмаслик бўйича ўз насиҳатларини берди.

Марказ ходимлари билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида бу ердаги ҳар бир болага барча ходимлар меҳр кўрсатиши, уларнинг ҳаётга бўлган қизиқишларини янада ошириш ҳамда турли нохуш ҳолатларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслик тўғрисида йўриқнома берилди.

Генерал-маёр Азизбек Икрамовнинг Хоразм вилоятидаги сайёр қабули давом этмоқда. Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.