Кун қаҳрамони
Жўраев Дилшод Тўраевич 1977-йили Бухоро вилоятининг Вобкент туманида туғилган. 1999-йил Бухоро давлат университетини тугатган. 2003-йилдан бошлаб, ички ишлар органларида хизмат фаолиятини ўтаб келяпти. Дастлаб Вобкент тумани ИИБ вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳ инспектори, кейинчалик профилактика инспектори ва профилактика катта инспектори лавозимларида самарали хизмат қилди. Айни пайтда Шофиркон тумани ИИБ ҲПБ 242-сонли таянч пункти профилактика катта инспектори лавозимида фаолият кўрсатяпти.
Маёр Д. Жўраев зиммасига тумандаги 4310 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Нурафшон маҳалласи осойишталигини таъминлаш вазифаси юклатилган. Бундай муҳим ишни амалга ошириш билан бирга, маҳаллада ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Шунингдек, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Қаҳрамонимиз жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳалла ҳудудида ҳуқуқбузарликлар содир этган 20 нафар фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирди. Бир нафар ноқонуний диний оқим аъзоси бўлган шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатиб, доимий профилактик суҳбатлар ўтказяпти. Шунингдек, унинг яшаш шароити ва иқтисодий муҳтожлиги ўрганилиб, маҳалла ҳамда ҳомийлар кўмагида ёрдам бериб боряпти.
Бундан ташқари, 22 та оиланинг турли келишмовчиликлар сабабли юзага келган низоларини бартараф этиб, муҳитни соғломлаштирди. Фуқаролар томонидан билдирилган ариза ва шикоятларни ўз муддатида ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилишга эришяпти. Энг асосийси, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга ошираётган профилактик тарғибот тадбирлари натижасида маҳалла фуқаролар йиғинида умуман жиноят содир этилмади.
Қисқаси, маёр Дилшод Жўраев халқ билан ҳамнафас бўлиб келяпти. Туман Иибда обрў-эътиборга эга, тажрибали устоз сифатида ёш ходимларга соҳанинг сир-асрорларини ўргатишда фаол. Унинг хизматлари туман ва вилоят ИИБ томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
