Татаристон Республикаси Туризм давлат қўмитаси раиси вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси фаолияти билан танишди.

 

   Жорий йилнинг 17 июн куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Татаристон Республикаси президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги делегация Бухорога ташриф буюрган эди. Ушбу ташриф давомида, олий мартабали меҳмонлар Бухоронинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қила туриб, мазкур тарихий манзилларда чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон тажрибаси ва айниқса Бухоро тажрибасини ўрганиш борасида келишилган эди.

  Шу мақсадда жорий йилнинг 12 август куни Бухорога етиб келган Татаристон Республикаси Туризм давлат қўмитаси раиси Сергей Иванов бошчилигидаги делегация вилоятда зиёрат туризми ва гастрономик туризм бўйича ҳамкорлик истиқболлари, туризм алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасида Бухоро вилоят тажрибасини ўрганиш учун вилоят Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида меҳмонлар Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида яратилган шарт-шароитлар, соҳа ходимларининг иш фаолияти, хизматни олиб бориш тартиби, бошқарманинг моддий-техника таъминоти ва Бухоро шахрининг тарихий қисмида хизмат олиб бориш жараёнларини бирма бир кўздан кечирдилар. Бу жараёнда Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси масъул ходимлари томонидан меҳмонларга вилоятда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига доир тақдимот қилинди.

Бундан ташқари, меҳмонлар Бухоро шахрининг тарихий қисми ва бошқа диққатга сазовор жойларини кўздан кечирди.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.