Навоий вилояти ИИБ, Прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ўзаро ҳамкорликда профилактик тадбир ташкил этишди. Бундан кўзланган мақсад Навоий шаҳри ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишдан иборат эди.
Тадбир давомида кўча ва жамоат жойларида шубҳа уйғотган ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар ички ишлар органларига олиб келиниб, шахсларига аниқлик киритилиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилди. Тунги вақтда қаровсиз юрган болалар вилоят ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб келинди. Мастлик ҳолатида бўлган фуқаролар эса Навоий шаҳар наркология диспансерига ётқизилди. Кўча ва жамоат жойларида бемаксад юрган, тайинли яшаш жойига эга бўлмаган шахслар Реабилитасия марказига жойлаштирилди. Нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларга буклет ва флаэрлар тарқатилди.
Шунингдек, ҳудудлардаги кафе-барлар, дорихоналар ва савдо дўконлари эгалари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Мазкур жойларда ўғрилик жиноятларининг олдини олиш учун Миллий гвардия қўриқлаш хизмати пулътига уланиш, видеокузатув камераларини ўрнатиш чораларини кўришлари лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилди. Идоравий қоровуллик бўлинмаларида хизмат олиб бораётган объэкт қоровулларининг хизмат фаолияти ўрганилди.
Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталъони ходимлари томонидан тадбир давомида хизмат йўналишларида фуқароларнинг қаровсиз қолдирилган шахсий буюмлари, жумладан болалар аравачаси, велосипедлар ҳамда автомашиналар аниқланиб, уларни эгаларига топшириш чоралари кўрилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.