«Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом» ойлиги доирасида Андижон шаҳри бўйича ИИОФМБ шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ва фахрий ходимлар иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида жиноятга қарши кураш йўлида фидокорона хизмат қилаётган баъзи ходимларнинг аччиқ қисмати акс эттирилган таъсирли видеоролик намойиш этилди.
Бундай салбий вазиятларнинг олдини олиш ҳамма биргаликда, қўлни қўлга бериб ҳаракат қилгандагина кутилган натижа бериши мумкинлиги ёрқин мисоллар билан кўрсатиб берилди.
Учрашув давомида шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати танқидий таҳлил қилинди, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида интизомда, жамоат тартибини ва фуқаролар осойишталигини ишончли таъминлашда бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига Андижон вилояти ИИБ бошлиғи номидан ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.
Бу каби учрашувлар ходимлар орасида турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга имкон бериб, уларнинг янада фаол ишлашига хизмат қилади. Айни пайтда жойларда хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Борис КЛЕЙМАН.
Ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
