Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Хоразм вилоятининг энг чекка ҳудуди – Қўшкўпир туманидаги “Шихмашҳад” маҳалласида бўлиб, бу ерда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Шундан сўнг, туман ҳамда маҳаллалар масъуллари иштирокида семинар ташкил этилди. Тадбирда бош вазир ўринбосари “Маҳалла “эттилиги” ва унинг муҳим вазифалари” мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда туман ИИБ ЖХХ ҲПБ ХҚМБ катта инспектори, подполковник Гулноз Ғуломованинг жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, турли тазйиқ ва зўравонлик қурбонига айланишининг барвақт олдини олиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.

Семинарда бугунги кунда аҳолининг, шу жумладан, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва фарзанд тарбиясига бефарқ муносабатда бўлаётган ота-оналар, алкогол ҳамда психотроп моддаларни истеъмол қилувчилар, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга ружу қўйган ёшлар, низоли оилалар, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилиб, ижтимоий мослаштиришга муҳтож бўлган, назорациз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларга тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг онгига жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчисининг ўзига бириктирилган тоифадаги шахсларга профилактик таъсир кўрсатиш ва уларни ижтимоий мослаштириш фаолияти самарали ташкил этилгани ва ижобий натижалар бераётгани алоҳида эътироф этиб ўтилди.

Йиғилишда кун тартибида кўрилган масалалар ҳамда ўрганишлар натижалари юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.