Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан вилоят Иибда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада ишчи ходимлар учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозор ва дўконларга нисбатан арзон нархларда тақдим этилди. Савдо расталарида мол ва парранда гўшти, мева, сабзавотлар, ун, гуруч, ёғ ва шу каби 20га яқин маҳсулотлар билан бирга, ходимлар фарзандлари учун ўқув қуролларидан иборат мактаб бозори ҳам йўлга қўйилди.
– Мустақиллик байрамини кўтарингки кайфиятда кутиб олиш мақсадида ҳар бир хонадонда байрам дастурхони ёзилиши анъанага айланган, – дейди хўжалик хизмати ҳайдовчиси, сафдор Жонибек Раҳимов. – Дастурхонимизни нози-неъматларга тўлдириб, шодиёнани тўкин-сочинликда нишонлашимиз учун ИИБ раҳбарияти томонидан озиқ-овқат ярмаркасининг ташкил этилиши биз учун айни муддао бўлди. Оиламиз билан келиб маҳсулотларни арзон нархларда харид қилдик. Фарзандларимиз учун зарур ўқув қуролларини ҳам шу ярмаркада сотиб олдик.
Бу каби арзонлаштирилган ярмаркалар ИИБ ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб- қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Махлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
