2022-йилни сарҳисоб қилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида халқимиз манфаати учун бир қатор ибратли ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Президентимизнинг 2022-йил 4-апрелдаги “Автомобилъ йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда тарихда илк бор 2022-йил 12-июл куни тасдиқланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини бунга мисол тарзида келтириш мумкин.

Мазкур қарор билан мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг 5 та долзарб йўналишлари белгилаб берилди ва ушбу йўналишлар бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш йўналиши бўйича 178 та тартибсиз ва авария ўчоқларига айланган чорраҳа ва кесишмаларда светофор қурилмалари ўрнатилди. 110 та хавфли пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар светофорлари ўрнатилиб, тартибга солинди. 39 600 та эскирган йўл белгилари алмаштирилди, 23 700 та янги йўл белгилари ўрнатилди. 

Аҳолига қулай ва хавфсиз транспорт хизматларини кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрининг жамоат транспортини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жамоат транспорти хизматининг тезкорлиги ва сифатини ошириш мақсадида мутасаддилар пойтахт кўчаларига чиқиб ўрганишлар олиб боришди. Ўрганишлар давомида жамоат транспортининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш, аҳолига қулай ва сифатли транспорт хизматини кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида алоҳида йўлакларни ташкил этиш режалаштирилди.

Алоҳида йўлак ташкил этилиши учун йўл ётиқ чизиқлари чизилди ва 5.9 “Йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган тасма” йўл белгилари ўрнатилди. Кейинги босқичларда Тошкент шаҳрининг 30 дан ортиқ кўчаларига жамоат транспортининг тўсиқсиз ҳаракатланиши алоҳида йўлаклар ташкил этилиши режалаштирилди.

Ҳозирда энг долзарб масалалардан бири бўлган ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш жараёнида юзага келаётган коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар, Тошкент ва Фарғона вилоятларида тўлиқ автоматлаштирилган “имтиҳон марказлари” ташкил этилди. Кейинги йилларда яна 21 та шу каби марказлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш йўналиши бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Масалан, республика бўйича 1259 та умумтаълим мактабида “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш” синфхоналари ташкил этилди. 873 та мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 903 та маҳаллада жойлашган умумтаълим мактабларида “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш” майдонлари барпо этилди.

Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” таълим муассасаларида махсус жиҳозланган майдончалар қурилди, янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари китоби браил алифбосида чоп этилди. 

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида “Чет сув” маҳалла фуқаролар йиғинида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, болалар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ташаббуси билан хорижий давлатлар тажрибалари асосида “Автоҳамроҳ” журнали томонидан 1260 дона “Болаларга йўл ҳаракати қоидалари”ни ўргатиш ва тарғиб қилиш бўйича материаллар тўплами, 1-8 синф ўқувчилари учун “Йўл ҳаракати қоидалари” дарсликлари ишлаб чиқилди. 

Болаларга йўл ҳаракати қоидалари асосларини замонавий ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда кўргазмали тарзда ўргатиш мақсадида “Томоша” болалар мусиқий театр-студияси билан ҳамкорликда “Чорраҳа” номли спектаклъ саҳналаштирилиб, болалар учун йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилувчи қўшиқлар басталанди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида 336 марта “Диққат: йўловчи”, “Диққат: болалар”, “Яшил чироқ”, “Йўл ҳаракати қоидалари билимдони”, “Энг намунали йўловчи” каби комплекс тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказилди. 

Йўл ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштириш, илғор ахборот-коммуникасия технологияларини жорий қилган ҳолда, янги бошқарув ва назорат тизимларини татбиқ қилиш йўналиши бўйича республика бўйича йўл ҳаракатини назорат қилиш мақсадида автомобилъ йўлларига жами 2 391 та камера, жумладан, 1 449 таси кузатув, 502 та йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш камералари ҳамда 440 та “Онлайн” режимида ишловчи радарлар ўрнатилди.

Бундан ташқари, автоматлаштирилган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш ва юритиш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида дастурий таъминот маркази ишга туширилди.

Шу ўринда айтиш лозимки, “Чинор” ва “Наманган” йўл-патрул хизмати масканларида “яшил” ва “қизил” йўлак тизими ишга туширилди. Эндиликда “Яшил” йўлакдан қоидабузарлик содир этмаган транспорт воситалари ҳайдовчилари ҳеч қандай тўсиқсиз ва чекловларсиз ҳаракатланади. “Қизил” йўлакка йўналтирилган транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳужжатлари эса электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда текширилади. Шунингдек, фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида айрим давлат хизматлардан фойдаланиш жойлардаги Интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Транспорт воситаларининг ойналари тусини ўзгартириш, қайта жиҳозлаш учун рухсатнома олиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилаш каби давлат хизматлари шулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, энг муҳим вазифамиз – Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида бугунги кунда мавжуд имконият ва тажрибалардан, илғор хорижий ютуқлардан фойдаланган ҳолда, соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришдан иборатдир.

Дилноза РАЖАБОВА,

ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 

Ахборот хизмати етакчи мутахассиси, подполковник.