Олимжон Хўжаев Тошкент темирйўл коллежида ўқиб юрган кезларида ички ишлар органи ходими бўлишни ният қилган эди. Таълим муассасасини тугатганидан сўнг, маҳаллаларда профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари хизматга қабул қилинаётгани ҳақида эшитиб, ҳужжатларини топширди.
Танловдан муваффақиятли ўтган лавҳамиз қаҳрамони Яшнобод туманидаги «Янги давр» маҳалласида фаолиятини бошлади. Кейин уни «Жарқўрғон» маҳалласида жойлашган 274-ички ишлар органлари таянч пункти профилактика катта инспектори ёрдамчилигига ўтказишди.
– Маҳалламизда 56 та кўп қаватли ва 54 та ерли хонадон мавжуд бўлиб, уларда 2500 нафардан ошиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Камолиддин Ўринбоев. – Олимжон ҳар бир фуқарони яхши билади. Биз билан бирга доим уларнинг яхши-ёмон кунида ёнида туради.
– Олимжон маҳаллада истиқомат қилувчи вояга етмаганлар, ёшлар билан худди ўз укаларидек муносабатга киришиб, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишда бизга яқин кўмакдош бўлиб келмоқда, – дейди профилактика катта инспектори, подполковник Қувончбек Кукузов. – Шунингдек, профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан мунтазам равишда суҳбат олиб боради. Ҳатто у яқинда тунги вақтда гиёҳвандлик воситаси билан боғлиқ бир жиноятни «иссиқ изида» очишда бевосита иштирок этди.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
