Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барчаси инсон қадри учун эканлиги, бу жараёнда ёшларнинг ҳам иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани мақсадга мувофиқдир.
Шу боисдан яқинда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳам ёшлар билан учрашув ўтказилди. “Ишга марҳамат мономаркази”да бўлиб ўтган мазкур тадбирда вилоят ИИББ масъуллари, туман ҳокими, ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда мутасадди ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, келажагимиз эгаларининг турли мазмундаги мурожаатлари тингланиб, уларга ечим топиш чоралари кўрилган бўлса, сўнгра, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг 20 нафарига ушбу марказда касб ўрганишга, 10 нафарига эса, ишга кириши учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, тадбир давомида 100 дан ортиқ ёшлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлиғида муаммоси бўлганларига муолажа қилиш белгиланди. Шу билан биргаликда, оила-турмуш доирасида турли вазиятларга тушиб қолган хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, уларнинг руҳий ҳолатини янада яхшилаш учун психологик тренинг ҳам ташкил этилди.
Кенг қамровли ушбу тадбир давомида ёшлар орасида спортни кучайтириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида, маҳалла қизлари ўртасида волейбол мусобақаси ўтказилиб, унинг ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.
Қисқа қилиб айтганда, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ўз самарасини бериши шак-шубҳасиздир.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
