Тошкент вилояти ИИББ томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида жойларда “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, яқинда ҳам Қуйичирчиқ туманида ана шундай тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИББ бошлиғи, генерал-маёр Тоҳир Арипов иштирок этиб, Янгийўл шаҳар ҳамда Қуйичирчиқ, Оққўрғон ва Чиноз туманларидан келган 400 нафар ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилиб, улар ўртага ташлаган 39 та муаммонинг асосий қисми шу жойнинг ўзида ҳал этилди.
Шунингдек, Қуйичирчиқ тумани Маданият Мфйда ўтказилган мазкур тадбирда спортнинг волейбол тури бўйича ёшлар ўртасида “ИИББ бошлиғининг кубоги” мусобақасига ҳам старт берилди.
Шу билан бирга, кенг кўламда ўтказилган тадбир сўнгида, биринчи марта паспорт олаётган ёшларга ИД-карталар ва эсдалик совғалар топширилди.
Ўз мухбиримиз.
