Қарши шаҳар Маданият ва аҳоли дам олиш уйида бир жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ўқитувчи ва талабалар, маҳалла фаоллари, ота-оналар, спорт мураббийлари иштирок этди.
Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йил 3-сентябр куни соат 21:30ларда Қарши шаҳрида яшовчи Ш.А. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, “Баҳор” савдо маркази рўпарасида ғузорлик Ж.Б. билан жанжаллашиб қолади. Шунда у фуқароларнинг кўз ўнгида ёнидаги пневматик пистолетдан бир неча маротаба ўқ узиб, Ж.Б.га тан жароҳати етказади ва ҳодиса жойидан яширинади.
Йиғилишда ёшларнинг ота-оналари ва жамоатчилик назоратидан четда қолиши оқибатида ўзбошимчалик билан пневматик қурол сақлаши, ундан жиноят қуроли сифатида фойдаланишига нима мажбур этаётгани таҳлил қилинди. Ошкора зўравонлик ва бошқаларни менсимаслик оқибатида юзага келган бу жиноятда бевосита ота-она айбдор экани таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 26-декабрдаги “Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, пневматик қуролдан фойдаланиш тартиблари белгилаб қўйилган. Мабодо, пневматик ёки ўқотар қуролга рухсати бор фуқаролар ундан шахсга тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноят ёки ҳуқуқбузарликни содир эца, албатта, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши тўғрисида иштирокчиларга тушунчалар берилди.
Муҳокама йиғилишида ёшларнинг юриш-туриши ва турмуш тарзини мунтазам назорат қилиш борасида ота-оналар ҳамда мутасаддилар масъулиятини ошириш борасида таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.
Содиқ РАҲИМОВ,
“Постда” мухбири.
Қашқадарё вилояти.
