Боғот туманидаги “Ёшлик” болалар оромгоҳида ўғил-қизларнинг дам олиши ва кўнгилли хордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Бу ерда футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка, рассомчилик, тикувчилик ва тўқувчилик каби ўндан зиёд турли тўгараклар мунтазам фаолият кўрсатмоқда. 

Оромгоҳда ўтказилаётган “Гиёҳвандлик – аср вабоси”, “Биз жиноятчиликка қаршимиз”, “Одам савдоси – оғир жиноят”, “Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этинг!”, “Олов – тилсиз ёв!” каби кўплаб тадбирлар ёшларни жамиятимизга ёт бўлган турли ғоя ва иллатлардан ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг жиноят кўчасига кириб қолишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яқинда мазкур оромгоҳда туман ИИБ ташаббуси билан “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” шиори остида спорт мусобақаси ҳамда интеллектуал беллашув бўлиб ўтди. Тадбирларда ҳар бир ўғил-қиз ўз билим ва маҳоратини намойиш этиб, ғолиб бўлишга интилишди. Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган ушбу тадбир болажонларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.

Хоразм вилояти.