Каромат Пардаева не-не мусибатларни бошидан кечирди. Оилада бирин-кетин йўқотишлар бўлди. Дастлаб, турмуш ўртоғи Ҳамроқул ака вафот этди. Оиланинг барча ташвишини бўйнига олган Каромат она фарзандларини ҳам ота, ҳам она ўрнида тарбиялаб камолга етказди. Ҳеч кимдан кам қилмади. Уларни олийгоҳларда ўқитиб, фарзандлар роҳатини кўраман, деганда, кутилмаган фожиа юз берди. Ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ўғли, Ойбек Нишонов хизмат вазифасини бажараётган пайтда мардларча ҳалок бўлди.
Эндигина фарзанд доғини унутаётган Каромат онани яна бир оғир синов кутиб турарди. Бу гал катта қизи Хуршида автоҳалокат туфайли ҳалок бўлди. Қизининг уч нафар фазанди она меҳридан жуда эрта жудо бўлишди. Албатта, бу ғамни кўтариш она учун жуда оғир эди.
Тақдир уни яна бир оғир мусибатга рўбару қилди. Янгиер шаҳар ҳокимлигида ҳалол меҳнати, тиришқоқлиги ва қатъияти билан ҳурмат ҳамда эҳтиромга сазовор бўлаётган яна бир ўғли Улуғбек Нишонов тўсатдан вафот этди. Киши бир нафар фарзандидан жудо бўлса, қандай аҳволга тушади. Кетма-кет икки норғул ўғлидан ва гулдек қизидан жудо бўлиш ҳар қандай она учун улкан йўқотиш, фожиадир. Бу ғам тоши ҳар қандай инсон иродасини синдириб, қаддини букиши мумкин эди... Аммо Каромат она ҳаёт чиғириқларидан, бу оғир синовлардан мардона ўтди. Бор меҳрини невараларига берди.
— Мен ҳеч қачон одамларнинг меҳрини бунчалик дилдан ҳис қилмаган эдим. Ғамгин инсон меҳрга, эътиборга ташна бўлар экан. Янгиер шаҳар ҳокимлиги, Сирдарё вилояти ИИБ, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари ходимларининг барчасидан миннатдорман. Уларнинг меҳру эътибори, ғамхўрлиги, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашлари туфайли мен қаддимни тикладим. Умрлари зиёда бўлсин илоҳим, — дейди Каромат она миннатдорлик билан.
Ҳа, барчаси ортда қолди. Бугун неваралар мучал ёшига қадам қўйди. Онахон эса 67 ёшга кирди. Бу айём қўшалоқ шодиёнага, катта тантанага айланди. Янгиер шаҳридаги «Райҳон» тўйхонасида табаррук ёшни қаршилаган Каромат она ва унинг невараси Диёрбекнинг мучал тўйлари катта шодиёна сифатида нишонланди. Қутлуғ шодиёнага онахонни муборакбод этиш учун Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров, Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи Санжар Джабаров, Тошкент шаҳар Эксперт-криминалистика бош маркази биринчи ўринбосари Шуҳрат Йўлдошов, Янгиер шаҳар ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари, онахоннинг қариндош-уруғлари, дўсту биродарлари ташриф буюришди. Табриклар табрикка уланди. Совға-саломлар, санъаткорларнинг чиқишлари, онахонга билдирилган дил сўзлари барчани хурсанд қилди. Онахон юзида табассум ила даврага таъзим қиларкан, унинг чеҳрасида ғолиблик нашидаси уфуриб турарди. Онахон метин иродаси, ақл-заковати, энг муҳими, инсонларнинг меҳр қуёши бирла ғам аталмиш фожиалар устидан тантана қилди. Бу эса чин маънода улкан матонатдир!
Тоҳир САМИЕВ,
журналист.
Сирдарё вилояти.
