Азиз-у мукаррам оналаримиз, меҳридарё опа-сингилларимиз, қалбимиз қуёши бўлган қизларимиз гўзаллик, нафосат тимсоли. Уларнинг маъсум чеҳрасида нур, нозик жуссасида ҳаётни яратувчи, янгиловчи, борлиқни ўзгартирувчи куч, қудрат бор. 

Дунё дунё бўлибдики, оналар, опа-сингиллар, дилбар қизларнинг тенгсиз латофати ва нафосатини, эзгулик ва фидойилик фариштаси эканлигини ўз ашорларида шарафламаган, куй-қўшиқларда мадҳ этмаган ижодкор йўқ. Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, буюк шоир, аллома Алишер Навоийнинг қуйидаги ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз:

Оналар оёғи остидадур 

Равзайи жаннат-у жинон боғи. 

Равза боғи висолин истар эсанг,

Бўл онанинг оёғин тупроғи. 

Инсон зоти борки, эзгулик, ҳаётнинг сир-у асрорлари ҳақидаги дастлабки сабоқларини онанинг меҳр-у саховати туфайли ўрганади. Ҳаёт давом этар экан, дилбар, оқила, гўзал аёллар ўзининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан нафақат оилада, балки бутун жамиятда поклик, ҳалоллик, самимият ҳамда адолатни сақлаб турадилар. Зеро, улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таърифни она сўзи ила берганларида ҳам ана шундай чуқур маъно мужассам. 

Хотин-қизларни эъзозлаш – миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Чунки аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чароғбони, умримизнинг гули, деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз. 

Қувонарлиси шуки, бугун мамлакатимизда уларга бўлган муносабат ҳар доимгидан юқори. Юртимиз аҳолисининг салкам ярмини ташкил этган хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бунга жавобан юртимиз хотин-қизлари турли соҳа ва тармоқларда Ватанимизнинг тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Хусусан, 2017-йилда бошқарув соҳасида хотин-қизлар ўртача 20 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда. 

Шу ўринда сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим олишига алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Жумладан, айни пайтда юртимиздаги олийгоҳ талабаларининг 52 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этаётгани, 6 минг 200 нафардан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шу­ғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 25 фоизини олима аёлларимиз яратаётгани ҳам – жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, «Аёллари ўқимишли ва касб-ҳунарли бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Аёллари маърифатли бўлган халқ албатта бахтли бўлади». Бу сўзларнинг амалий ифодаси ақл-заковати, билими ва истеъдоди билан давлат ҳамда жамиятнинг барча соҳаларида самарали фаолият кўрсатаётган, нуфузли спорт мусобақалари, маданият ва санъат соҳасидаги халқаро танловларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган хотин-қизларимиз тимсолида яққол кўзга ташланади. Хусусан, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони соҳибаси, Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрованинг спортдаги зафарли юришлари, таниқли микробиолог олима Дилфуза Эгамбердиева шўрланган тупроқда серҳосил экинлар етиштириш бўйича олиб борган илмий тадқиқотлари учун Юнесконинг нуфузли Карлос Финлей халқаро мукофотига сазовор бўлгани ўзбек аёлининг қалб қиёфаси, машаққатли меҳнатлари меваси, десак, асло муболаға эмас. Давлатимиз раҳбарининг «Ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизларимиз давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлишмоқда», дея билдирган фикри кўнглидаги ёруғ мақсадларини шахту-шижоат билан улғайтириб бораётган опа-сингилларимиз фаолиятига берилган юксак баҳодир. 

Аёлнинг кўзлари қачон кулади? Қачонки, у эҳтиром, эъзоз кўрса. Аммо аёлга нисбатан айтилган бир оғиз ноўрин сўз, совуқ нигоҳ, зарб билан узатилган қўл унинг ҳаётини остин-устин қилиб юбориши аниқ. Эътиборлиси, юртимизда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлигини белгилаш, уларни жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш билан бир қаторда, тазйиқ ва зўравонликлардан асраш борасида ҳам жиддий ишлар амалга оширилаётир. Бу борада Президентимизнинг 2024-йил 10-майдаги «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Бугун гул-гул очилган қизлар табассумида, фарзандини суйиб қучган оналар юзида, дуолари тилакларга уланган бувижонлар сўзида бу олам шодлиги мужассам. Меҳр-муҳаббат, вафо-садоқат, сабр-у қаноатни ҳаётининг мазмунига айлантирган азизларим, қошингизда бахтнинг беланчаги солланиб турсин. Сиз ила гўзал кўринар олам.

Бу борада сўз кетганида, гўзаллик ва аёлни қалбан ардоқлаган шоирнинг юрак туғёнлари ушбу мисраларга тўкилгандек гўё. 

Гўзаллик – энг аввал кўзнинг шифоси, 

Дилга туғён солган сўзнинг шифоси.


Гўзаллик – қуёшдек порлагувчи нур, 

Гўзаллик – яшашга чорлагувчи нур.


Гўзаллар баҳорнинг гулига ўхшар, 

Юрган йўлларига ифорлар тўшар.


Гўзаллар кўзгуси – ўзбек аёли, 

Гўзаллар орзуси – ўзбек аёли. 


Кумушнинг кўзидаги ҳаё – гўзаллик, 

Раънонинг юзидаги ибо – гўзаллик. 


Қодирий қаламин учидаги ой, 

Муҳаббат мулкига бўлолган чирой.


Ой, Қуёш бир тараф, сизлар бир тараф, 

Миллат аёлига ёғилган шараф. 


Гулдан тўкилади гулнинг шонаси,

Гўзаллик онаси – Ўзбек онаси! 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА.