Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875-йилнинг 19-январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан бўлиб, имом-хатиблик қилган. Она томонидан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, Бухоро амири Шоҳмурод даврида (1785–1800) Самарқандга келиб қолган. Отаси вафотидан сўнг Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқ тарбияси ва қарамоғида ўсиб вояга етган.

1903-йили аллома ташаббуси билан шогирдлари Сиддиқий Ажзий Ҳалвойи, Абдуқодир Шакурий Ражабамин қишлоғида, Ҳожи Муин Хўжа Нисбатдор маҳалласида жадид мактабларини очадилар.

Беҳбудий 1908-йили “Қироатхонайи Беҳбудия” (кейинчалик “Беҳбудия” номи билан машҳур бўлган) кутубхонасини очади. Аллома “Самарқанд кутубхона исломияси” мақоласида кутубхонада 600 та китоб ва рисола, газета ва журналлар эса ундан ҳам кўп бўлганини ёзади.

1914-йилги саёҳати давомида Кавказ, Қрим, Туркия, Юнонистон, Булғористон, Австрия ва Германиянинг турли шаҳарларида бўлиб, у ерлардан ўз кутубхонаси учун жуда кўп китоб ва рисолалар олиб келади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1913-йилдан матбуот ишларини йўлга қўяди ва шу йилнинг апрелидан “Самарқанд” газетаси ҳамда август ойидан “Ойина” журнали чиқа бошлайди. “Самарқанд” газетаси ўзбек ва тожик тилларида, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. 

Беҳбудий миллат зиёлиларидан Абдурауф Фитрат, Сиддиқий, Ҳожи Муин, Акобир Шомансур, Муҳаммад Саид, Саидризо Ализода, Саидаҳмад Васлий, Тавалло, Садриддин Айний, Ҳаким Бухорий, Ниёзий Ражабзоданинг мақолалари ва шеърларини “Ойина” саҳифаларида чоп этиб боради. Нашр ёш қаламкашлар, бўлғуси адиб ва маърифатпарварлар учун тажриба майдони вазифасини ҳам ўтагани маълум.

Аллома жамият ҳаётидаги иллатлар, нуқсонлар ва илмсизликни саҳнада кўрсатиш орқали халқни тараққийпарварликка даъват этиш мақсадида 1914-йили миллий театрга асос солади. Театр саҳнасида ижро этиш учун “Падаркуш” драмасини ёзади. “Падаркуш” дастлаб 1914-йил 15-январда Самарқандда, 1914 йилнинг 27 февралда Тошкентда саҳнага қўйилган. 

Илмий-адабий мероси Беҳбудий “Рисолаи асбоби савод” (1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (1905), “Рисолаи жуғрофийи Русий” (1905), “Китобат ул-атфол” (1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби дарслик ва қўлланмалар ёзган. Бундан ташқари, “Туркистон вилоятининг газети”, “Тужжор”, “Самарқанд” газеталари ва “Ойина” журналида кўплаб мақолалари чоп этилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, барча жадид боболаримиз сингари Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳам муборак номи қайта тикланди. Тарихчи ва тилшунос олимлар томонидан унинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳамда илмий меросини ўрганиш бошланди.