Арқонда сакраш саломатлигимиз учун қанчалар фойдали эканини биласизми? Оддий шу машқ ёрдамида озиш мумкинлигини-чи?
Ушбу жисмоний фаоллик ҳар қандай кардиомашғулотларга қараганда кўпроқ калория йўқотишга ёрдам беради. Шунингдек, ёғни эритади, мушакларни кучайтиради, чидамлиликни оширади. Тўғри техника билан машқ бажарилса, сезиларли даражада вазн йўқотишнинг имкони бор.
Хўш, вазн йўқотиш учун арқон билан қандай ва қанча сакраш керак? Аввало, унутмангки, ҳеч қандай жисмоний машқлар парҳезга риоя қилмасдан туриб қориндаги ёғлардан халос бўлишга ёрдам бермайди. Демак, озиш учун ҳар куни машқ қилишингиз лозим. Биринчи марта машғулот 1–2 дақиқадан ошмаслиги керак. Ҳар 3–4 кунда икки дақиқадан қўшинг. Тезликни кузатиш муҳим, дастлаб у минимал бўлсин. Шу тарзда машқ қилиш орқали сиз нафақат вазн йўқотасиз, балки тананинг барча мушакларининг уйғунлигини оширасиз, оёқлар, болдирларни мустаҳкамлайсиз, ҳолатни мувофиқлаштиришни, мувозанат ҳиссини, чаққонликни яхшилайсиз. Эътибор берингки, овқатланишдан олдин ёки овқатдан икки соатдан кейин машқ билан шуғулланиш мақсадга мувофиқ.
Агар сиз кўпинча ўтириб ишлайдиган бўлсангиз ёки аксинча, доимий оғир нарсани кўтариш туфайли белингиз тез-тез оғрийдиган бўлса, бу ҳолатда ҳам арқонда сакраш машқи қўл келади. Чунки бу жараёнда умуртқа поғонаси чўзилади. Натижада сколиоз муаммоси хавфи камаяди.
Шу билан бирга, арқонда сакраш машқи юрак фаолиятини яхшилайди, организмда йиғилиб қолган тузларни ҳайдашга ёрдам беради. Яна бир муҳим жиҳати – стрессга қарши курашишда энг самарали воситалардан бири ҳисобланади, асаб тизимига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, кайфиятни яхшилайди.
Ушбу машғулот озиш учун ҳам, саломатлик учун ҳам фойдали бўлса-да, мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам бор. Хусусан, томирлар варикози, ҳаддан ташқари семизлик, тромбофлебит, тизза, оёқ, чаноқ соҳаси жароҳатлари, юрак касалликлари, гипертония ва яллиғланиш касаллиги бўлганлар учун арқонда сакраш машқи ҳолатни оғирлаштиради.
Шунингдек, 50 ёшдан ошганлар мутахассис тавсиясисиз мазкур машқни бажариши тавсия этилмайди.
Адолат ФАЙЗИЕВА тайёрлади.
