Аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида жойларда турли спорт мусобақалари, марафонлар ўтказилмоқда. Маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳам шулар жумласидандир.
Фарғонада ушбу олимпиада доирасида юриш марафони ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Марафон иштирокчилари эрта тонгда “Фарғона” халқаро аэропорти олдида жам бўлишди. Шундан сўнг кичик халқа йўли бўйлаб Ислом Каримов номидаги театр-консерт саройи олдигача бўлган 5000 қадам масофани босиб ўтишди. Фаол юриш якунлангач, малакали мураббийлар кўмагида бадан-тарбия машқлари ҳам зўр иштиёқ билан бажарилди. Моҳир спортчилар томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
– Юртимиз бўйлаб спортни оммалаштириш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилаётган бундай марафонларда ички ишлар органлари ходимлари доим фаол қатнашиб келади, – дейди вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, касбий тайёргарлик бўлими бошлиғи, подполковник Улуғбек Ниёзов. – Бугунги тадбир ҳам соҳада хизмат қилаётган ёш ходимларни бир мақсад йўлида янада жипслаштирди, улар ўртасида ҳамжиҳатлик ва дўстлик алоқалари мустаҳкамланди.
Марафон якунида “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳамда марафоннинг фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
