Уч кун давомида Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида профессионал спортчилар ҳамда 2000-2006-йилларда туғилган ёшлар ўртасида спортнинг қўл жанги тури бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.
Юқори савияда ташкил этилган беллашувларда республикамизнинг барча вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган 700 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақанинг биринчи кунги баҳсларини ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Миллий гвардия сафида хизмат қилаётган спортчилар бошлаб бердилар.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан бирга, ҳудудлардан келган ёш спортчилар ҳам бор куч ва имкониятини ишга солиб, ғолибликка муносиб даъвогар эканликларини амалда кўрсатишди.
Якунда ҳар бир вазн тоифасида юқори ўринларни эгаллаган спортчилар ташкилотчиларнинг диплом ва қиматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
