Аэропортлар мамлакат дарвозасига қиёсланади. Бир кунда бу ердан минглаб йўловчилар учиб, яна кўплаб йўловчилар учиб келади. Юртимизга ташриф буюраётган меҳмонлар, сайёҳлар ҳам аксарият ҳолларда аэропортлар орқали республикамизга кириб келади. Шу маънода аэропортларда хизмат қилаётган, хусусан унинг хавфсизлигига масъул бўлган халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ходимларининг ҳар бир хатти-ҳаракати доимо ён-атрофдагилар диққат марказида бўлади. Шунинг учун вазирлик раҳбарияти, қўшин қўмондонлигининг шахсий таркиб билан бўлиб ўтган учрашувларида, мулоқотларда бу жиҳатга алоҳида урғу берилиб, аэропорт ишчи-ходимлари, йўловчилар билан яхши муомалада бўлиш, хизматни сидқидилдан ўташ юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.
Яқинда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Транспорт ва туризм объэктларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-маёр Баҳодир Мирзараҳимов ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ва Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўйича алоҳида баталони шахсий таркиблари билан учрашиб, бунга яна бир бор эътибор қаратди. Вазир ўринбосари асосан 2021 йил янги муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган аскарлар билан мулоқот қилиб, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароитлар ҳақида гапирди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, ички ишлар органларининг бу борадаги фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. Қолаверса, юртимиз остонаси бўлмиш халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлашдек шарафли ва масъулиятли бурчни виждонан бажариш учун ҳар бир аскар, қўшин шахсий таркиби жанговар шайликни доимо ошириб бориши, ўз хизмат мажбуриятларига сидқидилдан ёндашиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Фозилжон Мамашарипов,
«Постда» мухбири.
