Ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали хизмат қилиб, юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонларнинг порлоқ хотираси ҳамиша абадийдир.
Шу муносабат билан, Хоразм вилояти ИИБ спорт марказида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Ички ишлар вазири, генерал-маёр Йўлдош Бобожонов таваллудининг 115 йиллигига бағишлаб спортнинг қўл жангги тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Унда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Д. Назармухамедов сўзга чиқиб, Й. Бобожоновнинг ҳаёт йўли ҳамда мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фидокорона хизматларига батафсил тўхталиб ўтди.
Уч кун давом этган мазкур беллашувларда саксон нафардан ортиқ ички ишлар органлари ходимлари иштирок этиб, саккиз вазн тоифасида ўзаро баҳс олиб боришди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир спортчининг ҳаракатларини диққат билан кузатиб, холисона тарзда баҳолаб борди.
Шундай қилиб, муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Урганч шаҳри бўйича ИИОФМБ терма жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Жазони ижро этиш департаментига қарашли 11-сонли тергов ҳибсхонаси терма жамоаси иккинчи, Хива шаҳар ИИБ терма жамоаси эса шоҳсупанинг учинчи поғонасидан муносиб жой олишди.
Ғолиб ва совриндорлар вилоят ИИБ томонидан медалъ, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган Йўлдош Бобожоновнинг яқинларига ҳам ҳурмат юзасидан тўн кийдирилиб, совғалар топширилди.
Хотира турнири сўнггида меҳмонлар ва соҳа фахрийлари вилоят Иибнинг “Меҳнат ва жанговор шуҳрат” музейига ташриф буюриб, генерал-маёр Й. Бобожоновнинг хизмат даврига оид экспонатлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Зокир ИСМОИЛОВ,
подполковник.
