Маълумки, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш ва жисмоний фаоллигини оширишда спортнинг ўрни муҳим саналади. Айниқса, ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини оширишда ҳам айни муддаодир.
Шу боисдан, яқинда Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармалари ҳамда эксперт криминалистика маркази ва ушбу хизматларнинг қуйи тизимларида фаолият олиб бораётган ходимлар ўртасида мини футбол бўйича ташкил этилган “бошқарма бошлиғи ўринбосари кубоги” мусобақаси ҳам фикрларимиз тасдиғидир.
Шундай қилиб, қизғин ва муросасиз ўтган мазкур баҳслар якунига кўра, яшил майдонда ўзининг бор маҳоратини намойиш этиб, барча рақибларини доғда қолдирган вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритган бўлса, Фарғона ва Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими спортчилари эса, кейинги поғоналарни забт этишди.
Шунингдек, “энг яхши дарвозабон” ва “энг яхши тўпурар” номинациялари ғолиблари ҳам аниқланиб, бошқарма раҳбарияти томонидан пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур спорт байрами осойишталик посбонлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш билан бир қаторда, уларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.